Ўзбекистонда кадастр ҳужжати йўқ уй-жой ва ерлар тўлиқ рўйхатга олинади

13.12.2017 | Ўзбекистон | 6756

Ўзбекистонда кадастр ҳужжати йўқ уй-жой ва ерлар тўлиқ рўйхатга олинади ҳамда ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар ва қурилган уйлар масаласини ҳал этиш бўйича қарор, дастур ва график ишлаб чиқиб, амалга оширилади. Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ер ресурслари, геодезия ва кадастр соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда ана шу ва бошқа масалалар бўйича топшириқлар берилди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси раҳбарларининг соҳа фолиятини такомиллаштиришда кўрилаётган чора-тадбирлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Муҳокамада ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида муносабатларни комплекс тартибга солиш, ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, таъсирчан назоратни таъминлашда Қўмита раҳбариятида ташаббус етишмаётганлиги қаттиқ танқидга олинди. Ушбу соҳада ҳал этишни талаб қиладиган кўплаб муаммолар борлиги қайд этиб ўтилди.

Маълум қилинишича, жорий йилда агротехник тадбирлар бажарилиши ва шартномада кўзда тутилган экинларни тўлиқ экиш устидан тизимли мониторинг ўрнатилмагани оқибатида 833 та фермер 13 минг гектарга пахта-ғалла экинларини экиш учун шартнома тузиб, умуман экмаган.

Шунинг учун бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаевга ердан самарали фойдаланиш, фермерлар томонидан тузилган шартномалар бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, йиғилишда давлат кадастр хизмати томонидан 2016-2017 йилларда кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиб, аниқланган ҳужжатсиз мол-мулкни рўйхатга қўйиш ишлари ҳам тўлиқ якунланмагани жиддий кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, хатловда 1 миллион 100 мингта уй-жойнинг ҳужжати 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида расмийлаштирилмагани, 145 мингта кўчмас мулк объектидан 15 йилдан кам муддат мобайнида ҳеч қандай ҳужжатсиз фойдаланиб келингани, шунингдек, ноқонуний эгалланган 8,5 минг гектар ерда ва муҳофаза зоналарида 67 мингта объект қурилгани аниқланган.

Бироқ, кадастр хизмати органлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ушбу объектларнинг кадастр ҳужжатини тайёрлаб, улар бўйича мулк ҳуқуқини эътироф этиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларда қурилган объектни бузиш ёки уларга эгалик ҳуқуқини бериш ишлари тўлиқ якунламагани қаттиқ кўрсатиб ўтилди. Жумладан, 15 йилдан ортиқ вақт фойдаланиб келинган.

1,1 миллионта уй-жойдан 751 мингтаси ёки 68 фоизи бўйича кадастр ҳужжатлари тайёрлангани, ушбу ишлар назоратдан четда қолгани таъкидлаб ўтилди.

Шундан келиб, чиқиб бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаевга, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаевга ҳудудий ҳокимликлар билан бирга кадастр ҳужжати йўқ уй-жой ва ерларни тўлиқ рўйхатга олиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар ва қурилган уйлар масаласини ҳал этиш бўйича қарор, дастур ва график ишлаб чиқиб, амалга ошириш топшириғи берилди.

Соҳага ахборот коммуникацияларини, жумладан кўчмас мулк ҳисобини юритиш бўйича "ягона ахборот тизими" жорий қилиш, солиқ органлари билан кунлик ахборот алмашинуви йўлга қўйиш ишларида сусткашликка йўл қўйилган.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевга хатловга кўра аниқланган ҳужжатсиз уй-жой ва ерларни кадастр органларида рўйхатга қўйиш, улар бўйича кадастр ва солиқ органларидаги маълумотлар базаси тўлиқ бўлиши ва янгиланиб боришини таъминлаш учун "Ергеодезкадастр" қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб бориш вазифаси юклатилди.

Ер ва мулкни рўйхатга олиш тартибини такомиллаштириш зарурлигига йиғилишда алоҳида урғу берилди. Маълумотларга кўра, Жаҳон банки эълон қилган рейтингда Ўзбекистон "мулкни рўйхатга олиш" кўрсаткичи бўйича 73-ўринда.

Шунинг учун, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси Абдушукур Абдуллаевга бир ой муддатда кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ва расмийлаштиришни "ягона дарча" орқали автоматлашган тарзда амалга ошириш, бу борада солиқ ва нотариус идоралари билан маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини ва экиш ишлари назоратини кучайтириш мақсадида замонавий учувчисиз учиш аппаратлари "дронлар"ни харид қилиш ишларини якунлаш, учувчисиз учиш аппаратларини республиканинг ўзида ишлаб чиқариш мақсадида "Инновацион марказ"ни ташкил этиш юзасидан қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.