Уч йилдан сўнг мамлакатимиз аҳолиси сони рўйхатга олинади. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг сессиясида Давлат статистика қўмитасининг раиси Баҳодир Бегалов маълум қилди.
Баҳодир Бегалов “Бутун дунёда аҳоли сонини рўйхатга олиш 2020 йилга мўлжалланяпти. Ўзбекистон ҳам бу йўналишда иш олиб бормоқда. Бу жараённинг ўзи сермеҳнат ва серхаражат ҳисобланади. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, рўйхатга олиш вақтида бир одамга 3-4 доллар сарфланади”, деди ва бунинг учун жараённи синчиклаб ўрганиб чиқиш лозимлигини илова қилди.
Айтиб ўтиш керакки, охирги марта 1989 йилда мамлакатимиз аҳолиси рўйхатга олинган. Тегишли мансабдорларнинг билдиришича, энди ҳар 10 йилда аҳоли сони рўйхатга олинади.
Статистика қўмитасининг маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 32,5 млн нафарга етган (2017 йилнинг 1 октябри).