Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эксклюзив мақола: Мингбулоқ нефть кони очилиши қиссаси
17.12.2017 10:53,  
1323

Ноябр ойида Наманган вилоятидаги Мингбулоқ нефть кони қайта очилиши ҳақида муҳокамалар қизиди. Ҳаттоки, Наманган вилояти масжидларида кон чиқишини сўраб дуо қилинди. Юртимизда бирор инсон йўқки, мустақиллигимизга совға бўлган Мингбулоқ кони ҳақида эшитмаган бўлсин. 1992 йилда отилган улкан нефть фаввораси ва ёнғини ҳақида газеталар ёзган, телевизорда кўрсатишган. Бу гал ушбу ҳодисанинг бевосита гувоҳи бўлган нефть-газ саноати арбобларидан бирининг кўзи билан яқин тарихимизга назар соламиз.

Мингбулок, Гумхона, Наманган конлари, Қум, Қорақалпоқ, Балиқчи каби истиқболли майдонлар Марказий Фарғонада жойлашган булиб, аниқланишни кутмокда. Мазкур конларда ҳам, истиқболли майдонларда ҳам разведка ишлари ҳали поёнига етган эмас.

Бу майдонларнинг истиқболли эканлиги геофизик таҳлиллар асосида аниқланган. Мингбулоқ майдонида геофизика ишлари 1965 - 1968 йилларда Фарғона геофизика экспедицияси томонидан амалга оширилган. Геофизика усули билан белгиланган ер ости дўнглигида (антиклинал) нефтнинг бор-йўқлиги чуқур скважиналар ёрдамида аниқланиши мумкин. Лекин, пармалаш иншооти жуда қиммат бўлганлиги сабабли, у вақтларда пармалаш ишларига рухсат олиш жиддий муаммо булган. Собиқ иттифоқ даврида ҳар бир чуқур қидирув скважинаси учун СССР нефт саноати вазирлиги ёки Геология вазирлигининг рухсатини олиш лозим бўлган.

Мингбулоқ майдонида нефт кони борлигига қатъий ишонч ҳосил қилган геолог-олимларимиздан Акром Рустамович Хўжаев, Пўлат Комилович Азимов, Акром Ҳожиматов ва бошқалар Москвадаги вазирликлар олдига Мингбулоқ майдонида қидирув скважиналарини пармалаш ишларини бошлаш масаласини қўйдилар ва унга рухсат олдилар. Ниҳоят, 1971 йилнинг январ ойида 1- скважинани пармалаш бошланди. Уни пармалаш тўрт ярим йил давом этиб, катта қийинчиликлар билан 5405 метр чуқурликкача етиб борилди. Афсуски, бу скважина шикастланиб, пармалаш ишлари тўхтатиб қўйилди. Мўлжалланган қатламларгача етиб борилмади. 1977 йилга келиб 2-скважина пармалана бошланди. Унинг чуқурлиги 5100 метрга етганда эса, геологик сабабларга кўра пармалаш ишлари тўхтатилди. Шуни айтиш керакки, биринчидан, мавжуд дастгоҳ ва асбоб-ускуналарнинг чуқур скважиналарни пармалашга мослашмаганлиги, иккинчидан, майдон геологик тузилишининг яхши ўрганилмаганлиги, учинчидан, лойиҳада нуқсонларга йўл қўйилганлиги бундай муваффақиятсизликларга сабаб бўлган эди.

Йўл қўйилган хато ва камчиликларни эътиборга олган ҳолда 3-скважинани пармалашга қарор килинди. Бунинг учун Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари А. Р. Хўжаев ёрдамида иттифоқ, нефт саноати вазирлигидан керакли дастгоҳ ва асбоб-ускуналар олинди. 1983 йилнинг ноябр ойида Мингбулоқда 3-скважинани пармалашга киришилди. X. Фаррахов раҳбарлигидаги скважина пармаловчилари 1987 йилда 6006 метр чуқурликка етиб боришди. Мўлжалланган қатламлар очилди. Бундай чуқурлик ўша давр учун “рекорд” чуқурлик ҳисобланарди. Бироқ очилган қатламларни текшириш жараёнида скважинага туширилган қувурлар мажақланиб кетди. Асосийси, Мингбулоқ майдонида нефт қатламлари борлиги аникланди. Шу даврдан эътиборан мазкур майдон Мингбулоқ нефт кони деб атала бошланди. Лекин, қидирув ишларини давом эттириш Москвага боғлиқ эди. Марказ эса Ўрта Осиё республикалари тараққиётига панжа орасидан қарашар, “пахта берсаларингиз бўлди, қолган нарсаларни Россия етказиб беради” - дейишарди. Шунга қарамай, Ўзбекистон раҳбарларининг талаби билан 1989 йилда 5-скважинани пармалаш бошланди. Скважинани пармалаш ишларини Ҳасанов бошчилигидаги бригада олиб борди. Скважинанинг чуқурлиги 5237 метрга етганда пармалаш қоришмасини қатлам ютиб юборди ва сўнгра қатламдан нефт оқиб чиқа бошлади. Скважина оғзига ўрнатилган 700 атм босимга мўлжалланган превентор ёпилганда, босим зўрлигидан ёрилиб кетди. Шундан кейин мисли кўрилмаган нефт фонтани юз берди. Бу воқеа 1992 йилнинг 2 мартида рўй берди. Бу фонтанни зудликда бартараф этиш учун Узбекистон ҳукуматининг қарори билан штаб тузилиб, унга Республиканинг тегишли вазирликлари вакиллари ҳам жалб этилди. Республика Бош Вазири ва унинг ўринбосарлари штабга раҳбарлик қилишди.

Фонтан кундан-кунга кучайиб борар, скважинадан отилиб чиқаётган нефт катта сой бўлиб оқарди. 5- Мингбулоқ скважинаси Сирдарёнинг чап соҳилидан 300 метр нарида жойлашган бўлиб, нефтнинг оқиб дарёга тушиши хавфи жуда кучли эди. Бор кучлар дарё соҳилини кўтариб мустаҳкамлаш, яъни дамбалаш, нефтни тўплаш ва сақлаш учун ҳовузлар тайёрлаш ишларига сафарбар қилинди. Юзлаб автоцистерналар тўпланаётган нефтни ташиб кетишга жалб этилди. Фонтанни беркитиш учун скважинанинг устига ўрнатилган темир жиҳозлар, асбоб- ускуналарни чиқариб ташлаш зарур эди. Лекин, бу ишларни бажариш тобора мураккаблашиб борарди. Скважина атрофида ҳосил бўлган нефт кўли ишлагани бермасди, ишлаётганларнинг баъзилари баланд-пастни кўрмасдан белларигача нефтга ботишарди. Осмондан шиддатли нефт ёмғири қуюларди. Нефт ёмғири далалар, дарахтлар, ариқ ва зовурларни қоплаган. Ҳатто, бу ердаги лайлаклар ва турли қушлар ҳам қора “либос” кийган. Шундай қийин бир пайтда ҳамма, бутун мамлакатимиз аҳли ёрдам қўлини чўзишга тайёр эди. Ҳатто, бир қанча экстрасенслар, фолбинлар ва дуохонлар ҳам келишиб, ёрдам беришмоқчи бўлишди. Албатта, улар фонтаннинг сабаблари, унинг куч-қудратни билишмас эди. Лекин уларнинг ниятлари соф - фонтанни тезроқ даф этиш бўлган. Таклифлар шунчалик кўп эдики, улар билан шуғулланишга махсус ходим тайинлашга тўғри келди. Бир қанча жиҳоз, асбоб-ускуна скважина атрофидан чиқариб ташланди. Скважина оғзидаги ёрилган превенторни чиқариб олиб, ўрнига янгисини қўйиш учун темир минорани (вышкани) олиб ташлаш керак эди. Бироқ минорани олинаётганда фавқулодда учқун чиқиб, фонтан ёниб кетди. “Учқундан аланга чиқди!”. Аланга бўлганда ҳам қандай аланга! 200 метрдан баланд, шовқини узоқ- узоқлардан эшитилади, тутунидан еру-осмон кўринмайди. Бу фалокат 2 апрел куни содир бўлди. Ушбу кун фонтанга қарши курашаётганлар учун мотам куни бўлди, десак янглишмаймиз. Алангадан кучли шамол, гирдоблар кўтарилди. Шамол эса ёнаётган нефть парчаларини узоқ-узоқларга, нефт тўла ,ҳовузларга элтиб ташлади. Нефть ҳовузлари, ҳаттоки, Сирдарё оролларидаги дов-дарахт ва ўсимликлар ёна бошлади. Бутун Мингбулоқ деб аталмиш майдон аланга ичида қолди. Осмонни қуюқ, қоп-қора тутун қоплади. Қуёш кўринмайди. Апрел ойи бўлишига қарамай майдондаги ҳарорат пасайиб, совуқлашиб кетди. Яқин-атрофдаги қишлоқлар ҳам қора кукун ичида колди. Скважина устидаги алангадан кишининг кўзига ваҳимали қиёфалар, гўё дев нусха суратлар кўринарди. Иттифоқо, 2 май куни фонтан ўз-ўзидан тўхтаб қолди. Эҳтимолларга кўра скважинага туширилган 219 мм диаметрли қувур мажакланиб, қатламдан чиқаётган нефт йўлини тўсиб қўйган. Шунда одамлар орасида - “Нефт ер остидан Эронга қочиб ўтиб кетибди”, деган миш-мишлар ҳам тарқалди. Албатта, бу тушунмовчилик оқибатида чиққан фикр эди. Нефт ер остида тўпланган жойидан ҳеч қаерга кета олмайди. Агар йўл очиб берилса, нефт фақат юқорига чиқиши мумкин. Нефт ёки газнинг тўпланган жойидан бошка жойга ўтиб кетиши ҳодисалари ҳам бор. Бундай ҳодисани - миграция деб айтилади. Нефт ёки газ миграцияси жуда секин кечадиган жараён бўлиб, унга узоқ йиллар, ҳаттоки, миллион йиллар керак бўлади. Бундай жараён ернинг тектоник ҳаракати таъсирида юз беради.

Мингбулоқ конини тезроқ ишга тушириш мақсадида Ҳукумат қарори қабул қилинди. Шундан кейин пармалаш ишлари янада авж олиб кетди. “Мингбулоқнефт” корхонаси ташкил этилиб, унга истеъдодли мутахассис - Абдуҳамид Умаров бошлиқ этиб тайинланди. У киши ўз атрофига кобилиятли муҳандис ва мутахассисларни тўплади. Уларнинг орасида Ўринбой Раҳимов, Абдуҳошим Абдулҳаев, Раҳимжон Маматқулов, Илҳомжон Деҳқонов, ва бошқалар бор эди. Уларнинг ташаббуси ва сидқидилдан қилган фидокорона меҳнатлари туфайли Мингбулоқ конидаги ишлар жонланиб кетди. Бу майдонга Волгаград шаҳрида жойлашган “Прикаспийбурнефт” бирлашмасининг пармаловчилари ҳам жалб қилинди. 5,5 - 6,5 минг метр чуқурликда ётган нефт қатламларига “ҳужум” бошланди. Кон ҳудудида ободонлаштириш ва қурилиш ишлари олиб борилди. Янги йўллар қурилиб, борлари асфальтланди ва таъмирланди. Ишчи-хизматчилар ва мутахассислар учун ётоқхона, ҳаммом ва оромгоҳлар қурилди. Дала жойларда гулзор ва боғлар барпо этилди. Бу ишларнинг ҳаммасига А.Умаров бош-қош бўлиб, вақтини ва тажрибасини аямай, астойдил ишлади. А.Умаров ҳақида тўхталадиган бўлсак, у киши катта тажрибага эга. юқори малакали мутахассис ва раҳбар. ноёб дидли инсон. Унинг ишлари барчага доимо мақбул ва манзур бўлган. Юқори идоралардан келган раҳбарлар ҳам у кишига тан берган.

Мингбулоқ конида ҳукумат раҳбарлари, шунингдек ҳурматли юртбошимиз И.А.Каримов бир неча бор бўлишиб, бажарилаётган ишлардан қониқиш ҳосил қилганлар. Мингбулоқ кони кўпчиликда ҳавас, баъзиларда ҳасад уйғотадиган бўлиб қолди. Ўша кунларнинг бирида Чордона қишлогидан бир гуруҳ одамлар штабга келишиб, Мингбулоқ конини Чордона деб аташни талаб қилиб қолишди. Чунки, кон Чордона қишлоғининг ёнида, ҳатто остида жойлашган эди. Мингбулоқ қишлоғи кондан бирмунча узоқда, Андижон вилояти ҳудудида жойлашганди. Чордоналиклар ўз қишлоқларининг номини машҳур килиш истагида штабга келишган эди, албатта.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган дастурга биноан 222-сонли скважинани пармалашга киришилди. Бундай рақамнинг келиб чиқиши тарихи қуйидагича: фонтан 2 мартда отилиб чиққан, 2 апрелда ёниб кетган. 2 майда тўхтаб қолган. Бу фикр скважинани пармалаш жойини белгилаб берган геологларимиздан чиққан эди. 222-скважина билан 5-скважинанинг ораси 500 метрни ташкил қиларди. Пармалаш ишларини олиб бориш волгоградликларга топширилган эди. Улар 1 йилу 8 ой мобайнида скважинани 5262 метр чуқурликкача пармалашди. 5220 метр чуқурликка 140 мм диаметрли қувурлар туширилиб, нефт қатлами қувурлар билан қопланмай, очиқ қолдирилди. Тайёргарлик ишлари тугатилгач, қатламларни пармалаш даврида ишлатилган гилмоя қоришмасини чиқариб ташлаш учун скважинага сув юборилди. Аммо, ҳеч нарса чиқмади. Бу ҳолатдан скважинада ишлаётган муҳандис ва ишчи-ходимларнинг кайфияти тушиб кетди. Улар ўзларини гуноҳкордек ҳисоблаб, ўтиргани жой топишолмасди. Атроф жимжит, ҳамма сукунатда. Ниҳоят, кечаси соат 11 ларда скважинадан аста-секин сув чиқа бошлади ва бироздан сўнг оқим кўпайиб, сув чиқиши тезлашди. Сув чиқиб тугар-тугамас қувурдан кучли нефт оқими отилиб, ҳовузга туша бошлади. Ҳамма уйқудан уйғонгандек қўзғалиб, ҳовуз атрофига йиғилишиб, бир-бирини табриклай бошлади, ҳатто кўзига ёш олганлар ҳам бўлди. Айримлар оқиб келаётган нефтни ҳовучлаб олиб, юзларига суртишарди. 1994 йил 13 июн кунининг тонги ана шундай шодиёна ва хурсандчилик билан кутиб олинди. Хушхабар зудлик билан Республикамиз Президентига, Бош Вазирига етказилди. Бу скважинадан суткасига 700 - 800 тн нефт чиқа бошлади. Унинг устидаги босим ҳам 640 атмосферага етиб борди. Нефт қатламининг босими 1150 атм.га тенг экан. Бундай кучли босимли қатламлар дунёда жуда кам учрайди. 14 июн куни мамлакатимиз Президенти И. А. Каримовдан табрик телеграммаси олинди. Табрикнома оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинди. Бу кун конни очишда иштирок этганлар учун тўйга айланди. Узоқ-яқиндан меҳмонлар келишиб, мамнунликларини изҳор этишиб, самимий табриклашарди. Ҳамма учун бахтли, ҳамма учун хурсандчилик куни бўлди, бу кун. Тез орада Республика Президентининг Фармони эълон қилиниб, қатор ишчи ва мутахассислар Ватанимизнинг олий мукофотлари билан тақдирланишди. Зудлик билан нефтни сақлаш омборлари қурилиб, нефтни узатиш учун 12 кмлик қувур ётқизилди. Оқтош темир йўл станциясида нефт қуйиш эстакадаси барпо этилди. Бу ишлар жуда қисқа фурсатда амалга оширилиб, уларга Ибрат Анварович Зайнуддинов раҳбарлик қилди ва ўзининг моҳир муҳандис, ташкилотчи эканлигини яна бир бор исботлади. Мингбулоқ майдонида скважиналарни пармалаш ишлари қизғин тус олди. Бир вақтнинг ўзида 5 та скважина пармалана бошланди. 4-скважина 6112 метр чуқурликкача пармаланди. Бошқалари ҳам лойиҳада белгиланган чуқурликка етказилди. Масалан, 7-скважина - 5337 м, 8- скважина - 5710 м, 6-скважина - 6077 м пармаланди. Улардан сўнг бошланган 10, 11, 12 ва 13-скважиналар ҳам мўлжалланган чуқурликкача етказилди. Энг чуқури 11-скважина бўлиб, унинг чуқурлиги 6330 метрга етди, бу кўрсаткич Ўрта Осиё минтақасидаги рекорд кўрсаткич эди. Умуман олганда, дунёда, айниқса Россия ва бошқа ҳамдўстлик мамлакатларида ҳам бундай чуқур скважиналар кам. Чунки уларни пармалаш кўп машаққатли бўлиб, қимматга тушади. Мингбулоқдаги ишларга жаҳондаги илғор технологиялар ва асбоб-ускуналар жалб этилди. Шунинг учун ҳам скважиналар белгиланган муддатларда, лойиҳада кўрсатилган чуқурликкача пармаланди. Бироқ натижалар кутилганидек чиқмади. 222, 12, 6, 7-скважиналардан нефт олинди. Аммо сув қатламлари яқин бўлганлиги сабабли нефтга қўшилиб кўпрок сув чиқа бошлади. Мингбулоқ конини пармалаш, текшириш ишлари ниҳоясига етмаган. Мазкур кондан умид узишга ҳали вақтли. У ерда нефт бор, лекин булоқнинг “кўзини” очиш керак. Бу мутахассисларимиз олдида турган энг муҳим вазифа.

Акбар Раҳимов, профессор

Муаллиф ҳақида: Акбар Комилович Раҳимов Қўқон нефть техникуми ва Москва нефть институтини тугатган. Мамлакатимизнинг вилоятларида нефть-газ конлари очилишида мутахассис ва раҳбар сифатида қатнашган. “Бухоронефтгазразведка” трестининг бошлиғи, Республика Нефть-газ вазирининг ўринбосари, нефть-газ саноати корпорацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. Тошкент давлат техника университетида дарс беради. Профессор, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган муҳандис” унвонларига эга. Юқоридаги мақола А.К.Раҳимовнинг “Ўзбекистон нефть-газ кончилари қиссаси” (2004) китобидан олинди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан