2017 йилда Самарқандда содир этилган ҳар бешинчи жиноят очилмай қолган

26.12.2017 | Жамият | 2523

Самарқандда ўтказилган Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг қўшма йиғилишида вилоятда 2017 йил бошидан буён унча оғир бўлмаган жиноятлар ўтган йилга нисбатан камайганлиги ҳақида ҳисобот берилди.

Хусусан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 2,7 фоиз, босқинчилик 18,5 фоиз, номусга тегиш 16,4 фоиз ва безорилик 20,8 фоизга камайган, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумат портали.

Аёллар, ёшлар ва муқаддам судланганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар камайиши кузатилган. Аммо Булунғур, Қўшработ, Оқдарё, Пахтачи, Пастдарғом ва Жомбой туманларида мазкур тоифадаги жиноятлар сезиларли равишда ошган.

Вилоят бўйича оғир ва ўта оғир жиноятлар 31,5, ўғрилик 10,1, фирибгарлик 8,4, талончилик 50, транспорт воситасини олиб қочиш 17,4, гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар 7,8 фоизга кўпайган.

Шунингдек, вилоятда тезкор-қидирув бўйича чора-тадбирлар ҳам етарли даражада амалга оширилмаган. Содир этилган умумий жиноятларнинг 22,6 фоизи, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятларнинг 32,6 фоизи фош этилмаган. Қидирув тадбирлари самарали ташкил этилмагани сабабли ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган шахсларнинг 34,9 фоизи ушланмаган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш Республика комиссияси ва унинг минтақавий Ишчи гуруҳлари тузилган. Самарқанд вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар Комиссиянинг 4-минтақавий Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган.

Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан вилоят ички ишлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими бошқармалари раҳбарларининг ахборотлари, жиноятлар сони ортган шаҳар ва туманлар ҳокимлари, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари фикрлари тингланган. Уларга ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш ва фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берилган.