Оқ уй Эронда норозилик билдираётганларни расман қўллаб чиқди

01.01.2018 | Жаҳон | 2459

“Биз Эрон халқининг ўз муносабатини тинч усулда ифодалаётганини қувватлаймиз. Биз барча томонларни ушбу асосий ҳуқуқни тинч ифодалашни ҳимоя қилишга ва цензурага ёрдамлашадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан тийилишга чақирамиз”, деди Оқ уйнинг матбуот котиби Сара Сандерс.

Бундан аввал АҚШ президенти Дональд Трамп норозиларни Twitter орқали қўллаб-қувватлаганди. Трамп Эрондаги норозиликлар манзарасида “интернет узиб қўйилишини” қоралади.

Пайшанба куни Эроннинг Машҳад шаҳрида 200га яқин одам норозилик акцияси ўтказганди. Улар Эрондаги иқтисодий аҳволдан норозилик изҳор қилди ва ҳукуматни танқид остига олди. Полиция 52 кишини рухсат берилмаган митингда иштирок этганликда ва давлат мулкини яксон қилишда айблаб ҳибсга олди.

Норозилик намойишлари Эронннинг бошқа шаҳарларига ҳам ёйилди. Якшанба куни Теҳрон мэри Муҳаммад Али Нажафий ҳукуматдан норозилар шаҳар мулкига бир оз зарар етказганини билдирди. Шунингдек, Доруд шаҳрида намойишлар чоғида 2 киши ҳалок бўлган. Ҳукуматнинг ахборотига кўра, хавфсизлик кучлари намойишчиларга ўт очгани йўқ.