Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Рисоладагидек яшашга халақит берадиган 12 янглиш тасаввур
4.01.2018 15:18,  
161

Америкалик руҳиятшунос Алберт Эллис ғарбликлар (аслида бутун дунё инсонлари) тасаввурига ин қуриб олган, фароғатли яшашдан чалғитувчи тасаввурларнинг рўйхатини тузиб изоҳлаб чиқди. Бу рўйхатни “идрок йўлини тўсувчи” деб номлади. Бирор қарорга келаётган одам миясида пашшадай айланаётган хаёллардан халос бўлишга интилади. Аммо қуйидаги тасаввурлар гўёки велосипед ғилдирагига кирган чўпдай, парракка ўралган ипдай тўғри яшашимизга тўсқинлик қилади.

  1. Нима қилишимдан қатъи назар ҳамма мени ёқтириши ва маъқуллаши керак

Одамлардан манзират умид қилсангиз кутилмаган нохушликларга учрайсиз, бирортаси сизни ёқтирмаса ва хатти-ҳаракатингизни маъқулламаса хафа бўласиз. Бу нуқтаи назарга ёпишиб олиш нотўғридир. “Ҳаммага бирдек ёқиш истаги энг кулгили истакдир” (Гёте). Кимгадир ёқасиз, кимга эса йўқ.

Барчага бирдай ёқиш учун уларнинг муносабат ва ҳис-туйғуларини дарҳол илғаш хусусиятига эга бўлиш лозим. Аммо сизга ҳамфикр, қизиқишлари умумий бўлган кишилар даврасида мулоқотда бўлиш, барибир, афзал. Шунинг учун барчани хурсанд қилиш эмас, ҳақиқий дўст топиш учун вақт сарфлаган маъқул.

  1. Инсон бекаму кўст бўлсагина барча соҳаларда омади чопади

Барча соҳаларда бенуқсон бўлишнинг ўзи иложи борми? Кимдир ўз олдига шу мақсадни қўйган экан чексиз қийинчилик ва ташвишларни қарши олишга тайёрланаверсин.

Кўплар бу янглиш ўй асирига айланиб имкони бор тепаликка ҳам чиқолмай қолишади. Албатта, чўққиларга интилиш керак, аммо ҳар қадамда қийинчилик борлигини, инсон хом сут эмган бандалигини, ҳаёт паст-баландликлардан тузилганини ёддан чиқармаслик лозим. Ҳаётнинг ўзи берган таълимдан сабоқ олиш даркор.

  1. Муайян хатти-ҳаракатлар хатодир, уни қилганлар жазоланиши керак

Кимлардир содир қилаётган хатти-ҳаракатни биз қилмаймиз, бизнинг хатти-ҳаракатимизни эса бошқалар содир қилмайди. Фақат шунинг ўзи учун уларни ёқтирмай қолишимиз ноўрин. Кўр-кўрона танбеҳ бериш яхшиликдан дарак эмас. Уларни ҳамиша қоралашнинг ҳам нафи йўқ. Бошқаларнинг хатти-ҳаракати сабабини таҳлил қилаётиб улар нуқтаи назаридан ҳодисага боқинг – шундагина воқеликнинг тушунарсиз жиҳатлари аён бўлса, ажаб эмас.

Агар одам бирор ножўя иш қилса (сизнинг кўзингиз билан қараганда) бу унинг аҳмоқлиги, ҳиссиётларга берилганлиги орқасидан содир бўлгандир. Шунинг учун бу ҳолга тоқат билан ёндашиб, унинг хулқ-атворини яхши тарафга буришга уриниб кўриш керак. Бундан ҳамма ютади.

Мабодо, сизнинг хатти-ҳаракатингиз кимгадир ёқмаса, бундан қайғуга ботиш ҳам керак эмас. Шунчаки, хатти-ҳаракатингиз бошқанинг нуқтаи назаридан ноўрин кўринганини тан олсангиз бўлди. Шунинг учун сизни айблаш керакми? Шунинг учун юракка алам тўлдириш шартми?

Икки хил нуқтаи назарни солиштириш ва фойдалисини олиш ақлдан бўлади. Ўзаро зиддиятда иккала томон позициясини ўзгартириб қолиши мумкин, муросага эришишдан иккала тараф ҳам ютади. Адоват туфайли эса иккала томон ҳам ютқазиши тайин.

  1. Жуда-жуда хоҳлаган нарсангиз амалга ошмаса тушкунликка тушиш

Бу болаларга хос ҳолат ҳам биз учун янгилик эмас. Шунга қарамай “дунё биз хоҳлагандай бўлиши керак” деган иллюзия тўридан чиқиб кетолмаймиз.

Англашимиз керакки, дунёнинг биз мансуб бўлган бўлаги доимо истагимиз кўйига юравермайди. Таъбимизга тўғри келмаган нарса билан тўқнашганда уни шахсий ҳақорат деб қабул қилмаслигимиз керак.

Қўлига нима берсангиз отиб юборадиган болачалар бўлади. У – бола, аммо катталар шундай бўлса, нима дейсиз?

  1. Инсон ўзи таъсир ўтказа олмайдиган ҳолатлардан асабийлашади

Масалан, ҳамёнингизни йўқотиб қаттиқ хафа бўласиз, асли йўқотиш сизнинг ҳаётингиз олдида арзимас маблағни ташкил этса-да. Содир бўлган йўқотишни юракка яқин олиб ўзингизни стрессга йўлиқтирасиз. Вазиятга ақл билан ёндашсангиз, бу ҳол стрессга тушишингизга арзимаслиги аён бўлади.

  1. Нохушлик эҳтимолидан безовталанасиз

Ҳа, шундай. Кутаётган нохушлигингиз ўтиб кетгунга қадар сизни тинч қўймайди. Эҳтимолий нохушлик гирдоби сизни шундай чулғаб оладики, у етиб келгач, аҳволни ўнглашга ҳолингиз қолмайди. Иккинчи тарафдан қараганда эҳтимолий нохушликларнинг кўпи у даражада ваҳимали эмас, бўрттирилади холос. “Қўрқувнинг кўзи катта, Юраги кичик бўлур”, дейди шоир Эркин Воҳидов.

Яхшиси, нохушликни “қуролланиб” кутиб олиш керак, яъни тайёргарлик кўриб. Ортиқча ҳаяжондан наф йўқ. Ҳаттоки, нохушлик юз берган тақдирда ҳам борича қабул қилиш маҳоратдир. Нохуш ҳодисадан сўнг дунё остин-устун бўлмайди, ҳаёт давом этади.

  1. Машаққат ва масъулиятдан қочиш ҳамиша жавобгарликни олишдан кўра енгил

Жавобгарликни зиммасига олган киши ўзига муаммони орттириб олади, деб ўйлайсизми? Ҳа, аммо зарур вазиятда масъулиятни олиш ва масалани ечишга киришиш шарт. Муаммони ортга ташлаш, масъулиятдан бўйин товлаш вазиятни чигаллаштиради, сизни безовталантиради холос. Аксинча, масъулиятни олган кишиларга ҳурмат билан қарашади, уларда ўзига ишонч ҳисси мустаҳкам бўлади. Эсдан чиқарманг: бахтли ҳаёт – муаммоларсиз ҳаёт дегани эмас, муаммоларга жўяли ечим топиш, деганидир.

  1. Ҳаётда бир тиргаксиз ҳеч нимага эришиб бўлмайди

Қайсидир маънода тўғри. Ҳамманинг ҳаётида дуо қилиб турадиган ота-онаси тиргак бўлсин. Аммо бу вазиятда “танка” назарда тутилаётибди. Кимдир юқори лавозимдаги амакиси, тоғаси, қайнотасига ишониб, муаммоларини шу орқали ҳал этишга уринади.

Аммо ҳеч нарса абадий эмас. Инсон мустақил  фаолият юритишга интилмоғи лозим. Шундагина, яқинлари кўмагидан айрилиш фожеадек туюлмайди. Кимгадир чамбарчас боғланиб қолиш ўзига ишончни сўндиради, мустақил ривожланишда халақит беради.

  1. Тафаккуримизда бир замонлар из қолдирган ҳодисалар асорати бизни тарк этмайди

Бу ҳам янглиш тушунчалардан. Ёшликда шаклланган деярли барча тушунчаларни ўзгартирса бўлади. Биз умр бўйи ўзгаришдан тўхтамаймиз. Ўзингизга савол бериб кўринг: ўн йил аввал ишонган нарсаларингизга ҳозир ишонасизми? Ҳатто биз яшаб турган шарт-шароит ҳам ўзгармоқда. Ўтмишга боғланиб қолиш эмас, ундан сабоқ ола билиш керак. “Кечаги куннинг гапи бугунга тўғри келмайди”, дейди эскилар. Кечаги янглиш тасаввурлар тўри сизни ўраб олмасдан, ўзингизни ривожлантиринг.

  1. Бошқалар нима билан шуғулланаётганлиги биз учун муҳим. Бу жараённи тўғри йўналишга солиш керак.

Аслини олганда ҳар бир инсоннинг хатти-ҳаракати бу унинг шахсий иши, бунга аралашиб бўлмайди. Биз бу жараёнга тўғридан-тўғри таъсир кўрсата олмаймиз, акс ҳолда нохуш вазият содир бўлиши мумкин.

Кимдир ёрдам сўраса қараб турмаслик керак. Аммо ёрдамга эҳтиёжи йўқ кишига ёрдам таклиф қилиш ҳам ноўрин. Кимнингдир хатти-ҳаракати онгимизда нохуш акс этса, бу ҳолни таҳлил қилиб ечим топиш керак. Одамларнинг майда-чуйда камчиликлари бўлади, тил топишиб яшаш лозим.

  1. Ҳар бир муаммонинг биргина ечими бор. Шу ечим топилмаса қандай даҳшат!

Оқил одам бундай деб ҳисобламайди. Ҳар бир муаммонинг кўплаб ечими бор, “Юз чумчуққа бир кесак” мақоли бу ҳолда ўринли эмас. Ҳар бир ечимнинг ўз афзал томонлари ва камчиликлари мавжуд. Гап муқобил вариантлардан бирини танлаш ва қўллаб кўришда қолган холос. Танланган вариант ярамаса, янгисини қўллашдан эринманг.

Ягона ва мукаммал ечимни қидириш толиқтиради, “танлаб-танлаб тозисига учраш” хавфи бор.

  1. Ҳис-туйғуларимизни жиловлашнинг иложи йўқ, биз уларнинг асиримиз

Аслида эса ҳиссиётларни жиловлашнинг турфа усуллари мавжуд. Ўз устида қатъият билан ишлаган инсон иродасини йиғиб туйғуларини жиловлашнинг уддасидан чиқади.

Иррационал фикрлаш, янглиш тасаввурларни енгиб соғлом тафаккурга эришишингизда омад тилаб қоламиз. Ким ўзини енголса музаффардир.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан