Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Блогер мулоҳаза юритади: Универсал илмий тил қайси?
4.01.2018 17:32,  
56

Илмий публикациялар деганда, асосан, илмий мақолалар назарда тутилади. Чунки айнан мақолалар фан соҳасидаги янгиликлар ҳақида энг тез хабар бера олади. Илмий китоблар эса мақолаларнинг умумийлаштирилган ва тизимлаштирилган кўриниши. Шу сабабли публикациялар буйича статистика олиб борилганда, айнан илмий мақолаларга урғу бериш маъқул, деб ўйлайман. Бугунги кунда фан дунёсида илмий мақолаларни чоп этувчи 4та йирик нашриёт бор. Улар Elsevier, Springer, Wiley ва Taylor & Francis. Илмий публикациялар бозорининг йирик улуши ҳам айнан шу нашриётларга тегишли. Масалан, Elsevier илмий нашриёти аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, иқтисод ва бизнес соҳасида 2000дан ортиқ журнал чоп этади. Йиллик чоп этиладиган мақолалар сони эса 250 мингдан ортиқ. Мақолалар инглиз тилида қабул қилинади. Худди шу ҳолат Springer, Wiley ва Taylor & Francisда хам кузатилади. Демак, бундан хулоса килиш мумкинки, асосий илмий маълумотлар инглиз тилида.

“Рус тилида-чи?” деган табиий савол туғилади бизнинг ўзбеклар орасида. Рус тилининг фан дунёсидаги ўрни ҳақида гапириш учун қуйидаги икки статистикага мурожаат қиламиз. Дунёда бир йилда чоп этилган мақолаларнинг давлатлар бўйича статистикаси қуйидагича: Web of Science платформасининг маълумотига кўра, импакт-факторга [1]эга бўлган журналларда чоп этилган мақолалар бўйича АКШ (552690та) етакчилик қиляпти, кейинги ўринларни Хитой (452877та), Буюк Британия (160935та), Германия (149585та) ва Япония (114999та) эгаллаган. Россия (22926 та) эса, бу рейтингда 18-ўринни эгаллаган. Статистика 2014 йилники. Лекин 3 йил ичида сезиларли ўзгариш бўлмади. Шуни таъкидлаш жоизки, Россия олимлари чоп этаётган мақолаларнинг жуда катта қисми инглиз тилида чоп этилган. Баъзи нуфузли рус олимларини фаолиятига қарасангиз, охирги 10 йил ичида барча мақолалари инглиз тилида ёзилган. Ҳатто 10 йил ичида рус тилида бирорта ҳам мақола ёзмаган россиялик обрўли олимлар ҳам бор. Нега? Чунки мақоланинг инглиз тилида чоп этилиши ўқувчилар аудиторияси бир неча ўн баробарга ортишига олиб келади. Тўлалигича инглиз тилига ўтиш Германия, Япония, Франция, Испания ва Жанубий Кореяда ўтган асрда рўй бериб бўлган. 21-асрда эса Эронни мисол қилишимиз мумкин. Фанни ривожлантириш тамойилларидан бири илмий тил инглиз тили эканлигини тан олиш эди. Уларга бу фактни тан олиш учун, ҳатто, сиёсат ҳам тўсқинлик қилмади.

Энди иккинчи масала. Рус тилида чоп этилаётган мақолаларнинг тақдири нима бўлади, деган савол туғилиши мумкин. Уларнинг аудиторияси факат Марказий Осиё, Россия ва Беларусь билан чегараланадими? Хавотирга ўрин йўқ. Рус журналлари ҳам бозор иқтисодиёти қонунларига бўйсуниб, ўз журналларидаги мақолаларни саралаб олиб, инглиз тилига таржима қилиб, инглиз тилидаги вариантида чоп этади. Ҳа, ҳа, деярли барча нуфузли рус журналларини инглиз тилидаги варианти ҳам бор. Масалан, ўзимнинг соҳамда нуфузли бўлган рус журнали “Поверхность” Pleiades Publishing, Inc нашриёти томонидан чоп этилади ва унинг инглиз тилидаги варианти “Journal of Surface Investigation” номи остида чиқади.

Демак, агар рус тилини билмаган тақдирингизда ҳам ушбу журналдаги илмий маълумотлардан қуруқ қолмайсиз. Ўзбекистоннинг иккита нуфузли журнали ҳам, инглиз тилига ўгирилиб, чет элда чоп этилади. Иккаласини хам Springer нашриётлар уйи чоп этади. Булар “Гелиотехника” ва “Химия природных соединений”. Улар инглиз тилида мос равишда “Applied solar energy” ва “Chemistry of Natural Compounds” номи остида чиқади.

 Мисол учун, 2017 йилнинг сентябрь ойида “Гелиотехника” журналига менинг мақолам қабул қилинди ва чоп этилди. Декабр ойида эса у инглиз тилига таржима қилиниб, “Applied solar energy” журналининг 4-сонида чиқди. Демак, агар сиз инглиз тилини билиб, рус тилини билмаган тақдирингизда ҳам менинг илмий натижаларимдан қуруқ қолмайсиз. Яқинда бир россиялик ҳамкасбимдан “Илмий маълумотларнинг рус тилидаги улуши тахминан қанча?” деб сўрадим ва “менимча, 3-4 %дан ошмаса керак”, деган жавобни олдим. Қизиғи, ўша 3-4 %нинг ҳам инглиз тилидаги таржимаси топилади. Бу гапларим билан рус тилини ўрганманг, демоқчи эмасман. Ортиқча тил билишнинг ёмон жойи йўқ. Шунчаки, бу гапларни ёзишимдан мақсад, “Рус тилини билмасак, биз фандан ортда қоламиз, ўрта асрга қайтамиз”, қабилидаги догматик фикрларга раддия билдириш эди. Хулоса ўрнида шуни таъкидлашим керакки, фан соҳасига қадам босмоқчи бўлган ҳар қандай ёш олим инглиз тилига урғу бериши лозим. Ҳозир фанда иккита тил бор: биринчиси инглиз тили, иккинчиси математика тили. Бу фактни тўғри қабул қилинг!

Рустам Ашуров


[1] Импакт-фактор илмий нашр аҳамиятининг сондаги ифодаси (таҳририят)

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан