Тест синовларига киритилган саволлар сифати яхшиланади

06.01.2018 | Илм-фан | 3086

Ўзбекистонда тест саволлари сифатини яхшилашга қаратилган бир қатор чоралар қабул қилинмоқда. Ушбу муаммо бир неча йилдан бери абитуриент ва уларнинг ота-оналари ва мутахассислар томонидан кўтариб чиқилмоқда. Асосий муаммо – тест саволларининг чалкаш ва ноаниқ тузилиши бўлиб, абитуриентга ягона тўғри жавобни танлашни қийинлаштиради. Муаммони ечишнинг энг самарали йўли – тест саволлари тузишга мутахассислар ёндашувини ва уларнинг жавобгарлигини ўзгартириш, деб тушунилмоқда.

“Бугунги кунда Давлат тест марказида фаолият юритаётган ўқитувчи педагогларнинг пайдо бўлиши катта ютуқ бўлди. Улар тест саволлари мазмуни  билан шуғулланишади. Олдин бунақаси бўлмас эди. Вазирлик томонидан йўналтирилган турли эксперт ва мутахассислар ёрдамидан фойдаланилар эди. Шунинг учун ҳам уларнинг жавобгарлик бурчлари ҳам турлича бўлар эди”, — дейди ДТМ вакили.

Унинг айтишига қараганда, энди аниқ йўналишлар бўйича жавобгар бўлган муайян мутахассислар пайдо бўлган. Улар тест саволларининг мазмуни ва сифати учун жавоб беришади.

Ундан ташқари ДТМ мутахассислари халқаро экспертлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларни жалб қилиш бўйича фаолият олиб боришмоқда. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкентга Ланкастер университети вакили, дунёнинг етакчи тестологларидан бири Рита Грин ташриф буюрган эди.

Рита Грин билан учрашув натижасига кўра ДТМ ва Британия Кенгаши тест маркази билан тест ўтказиш жараёнини такомиллаштириш борасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, охирги йиллар давомида Ўзбекистонда абитуриентлар сони йил сайин ўртача 10 %га ўсиб бормоқда. 2016 йилда 663 минг киши ҳужжат топширган бўлса, 2017 йилда – 729 минг киши ОТМларга кириш истаги билдирган. 2018 йилда эса абитуриентлар сони 810 мингга яқин бўлиши кутилмоқда.