Абдулла Ариповнинг Душанбега қачон ташриф буюриши маълум бўлди

08.01.2018 | Ўзбекистон | 2688

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 10-11 январь кунлари Душанбега ишчи ташриф билан келади. Бу ҳақда Sputnik нашри хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, бош вазир Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва республика бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашади.

Томонлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега баҳор фасли бошида амалга оширилиши кутилаётган расмий ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилишади.

Шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, икки давлат чегарасидаги баҳсли қисмларнинг демаркацияси ва делимитациясини тезлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбари 6 январь куни Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгаши олдида чиқиш қилиб, Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатлари ривожлантирилиши ҳақида баёнот қилган.

"Чунки ёмон қўшнини қиёмат куни ҳеч ким кечирмайди", — деб айтган Мирзиёев депутатларга.

Ўзбекистон президенти қўшнилар билан муносабатларни яхшилашга интилиши борлигини, аммо "20 йиллик музни эритиш унчалик ҳам осон иш эмаслиги"ни қайд этган.