Ақлий салоҳиятни пасайтирувчи энг кўп айтиладиган омил

11.01.2018 | Блог | 3287

«Мен дангасалигим учун эмас, эртанги ишларни қойилмақом қилиб бажаришим учун ҳам ҳозир ухлашга муҳтожман,» деган эди Альберт Эйнштейн. Афсоналарда айтилишича, тунда ухлай олмаслик ўша лаҳзаларда кимнингдир тушида яшаётганимиздан дарак берар экан. Лекин унинг зарари бизга чинакам ҳаётда яшашимизга тўсқинлик қилади.

Тўйиб ухламаслик инсон ақлий фаолиятини сустлашишига сабаб бўлади. Мисол учун, ақлий салоҳияти 6 – даражали бўлган мия етарлича уйқу вақти билан таъминланмаган кун унинг салоҳияти 4 – даражага тушиб кетади.

Оддий тилда айтадиган бўлсак, тўйиб ухламайдиган 6 – синф ўқувчисининг ақлий салоҳияти бора-бора 4 – синфда ўқийдиган ўқувчиники билан бир хил бўлиб қолади.

Яъни, ақлий салоҳияти 4 – даражали бўлган инсон ўз салоҳиятини ошириши, миянинг тафаккур доирасини кенгайтириши учун унга 2 йил вақт керак бўлади. Агар мунтазам равишда тўйиб ухламаса, бу даражани қисқа муддатларда қўлдан бой бериши мумкин.

Ўсмирлар ўртасида ўтказилган руҳий тадқиқот натижалари ҳам шуни кўрсатадики, «5» баҳо оладиган ўқувчилар бир кунда «4» баҳо олувчиларга қараганда, 15 дақиқа кўпроқ дам олар эканлар. Худди шу зайл, «3» баҳо олувчи ўқувчилар ҳам нисбатан «аълочи» бўлган ўқувчилардан 15 дақиқа камроқ ухлар эканлар.

Род-Айленддаги 3 минг нафар кўнгилли ўқувчилар ўртасида ўтказилган бу тадқиқот иши натижалари, шунингдек, уйқунинг камлиги руҳий тартибсизликни, яъни нерв импульси – нерв системаси бўйлаб тарқалувчи сигналларнинг ўз вақтида мияга етиб бормаслиги, инсон ўз онг-идрокини назорат қила олмаслигини келтириб чиқаради.

Шу сабабли ҳам, инсон бирор нимага диққат қила олмаслик дардига йўлиқади. Баъзи бир ўқувчиларнинг дарсни етарлича ўзлаштира олмаслиги ҳам уйқунинг камлигидан бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, кам уйқулик тананинг қондан глюкоза моддасини ажратиб олиш кўникмасини кескин кучсизлантиради. Бу эса танада қувват етишмовчилигини келтириб чиқаради.

Маълумки, бош мия тўқималари қўзғалиш ва тормозланиш хусусиятига эга. Одам уйғоқлик пайтида мия ҳужайралари кўп қўзғалади. Ҳар бир ҳужайра, ҳар қандай тўқима иш фаолияти вақтида ўзидан жуда катта куч-қувват йўқотади, бинобарин уларнинг фаолияти узоқ давом этиши учун сарфланган қувват ўрнини тўлдириш лозим бўлади. Мия ҳужайралари ҳам қўзғалган пайтда маълум миқдорда энергия сарф қилади ва уни тиклаш учун эҳтиёж сезади. Мия чарчаганда уйқу келади. Бу ором даврида ҳақиқатан ҳам куни билан хизмат қилган ҳужайралар яна ўз навбати билан қўзғалиш учун куч-қувватни тиклайди. Демак, тинч ухлаб ором олиш инсон учун яратувчилик мезонидир.

Одатда кечаси мириқиб ухлаб турган одам эрталаб ўзини енгил ҳис қилади, янги меҳнат куни учун куч – қуввати тикланганлигини сезади.

Инсон миясининг олд қисми тананинг «бошқарув тизими»ни назорат қилади. Бу қисм инсондаги ўй-фикр, мақсад ва ҳаракат, нимагадир муносабатга масъул. Ҳолдан тойган инсон танаси бу жиҳатларга бефарқ бўлиб боради, хато жавоб ёки муносабат билдиради, ижодий ва ақлий ёндашув салоҳияти пасайиб кетади.

Қолаверса, уйқусизлик инсоннинг кайфиятига ҳам таъсир ўтказади. Танада хурсандчилик, бахтиёрлик ҳислари ўрнига инжиқлик, норозилик кайфияти ҳукмрон бўла бошлайди. Бундай вақтда онг-шуурнинг ижобий эмас, салбий хотираларни эслашга бўлган мойиллиги кучаяди.

Салбий кайфият инсон миясидаги бодомсимон безда ишлаб чиқарилади. Яхши кайфият эса инсон миясининг чакка суягига яқинроқ қисмида жойлашган гиппокамп – хотира, замон ва маконга муносабат билдирувчи асаб толалари жойлашган қисмида ишлаб чиқарилади.

Кам ухлаш миядаги бодомсимон бездан кўра, айнан миянинг гипокамп қисмига кўпроқ салбий таъсир ўтказади. Шу сабали ҳам, бундай инсонлар кайфиятсиз, салбий хотираларни тез-тез ёдга олувчи бўладилар.

Walker журнали ўтказган тадқиқотда ҳам кам ухлайдиган кўнгилли иштирокчиларга сўзлар рўйхати берилган ва бир муддатдан сўнг рўйхат қайтариб олиниб, улардан сўзларни ёддан ёзиш сўралган. Натижада, уларнинг эсида қолган 81 % сўзлар салбий мазмунга эга бўлган. Мисол учун, «ёвузлик», «ёмонлик», «душман», «муштлашув». Эсда қолган сўзларнинг бор-йўғи 31 фоизини эса «ёруғлик», «яхшилик», «дўстлик» каби ижобий мазмундаги сўзлар ташкил қилган.

Уйқу инсон умрининг учдан бир қисмини ўз ичига олади. Болалар ёшига қараб суткасига 8 – 14 соатдан ортиқ, кексалар эса 7 – 8 соат атрофида ухлайди. Олтмиш йил яшаган киши ўз умрининг йигирма йиллини уйқу билан ўтказади. Энди туғилган чақалоқ учун бир кеча кундузда – 21 соат, олти ойдан ўн икки ойлик бўлган бола учун – 14 соат, тўрт ёшда – 12 соат ва ўн ёшда – 10 соат, катталар учун эса – 7-8 соат кунлик уйқу меъёри белгиланган. Агар каттаю-кичик ана шу уйқу меъёридан кам ухласа ва ундаги тартибга аҳамият бермаса, ўз-ўзидан кайфиятида тажанглик белгилари кузатила бошлайди, тез-тез жаҳли чиқади.

Яхши ухлай олмайдиган кишилар қуйидаги воситалардан фойдаланишлари мумкин. Бир ош қошиқ асални бир пиёла илиқ сувда эритиб ёки икки қошиқ шакарни бир пиёла иссиқ сувда эритиб, уйқудан 1-1,5 соат олдин ичиш уйқуни яхшилайди.

Уйқудан олдин наъматак дамламаси, ялпизли чой,  какао ичиш танани тинчлантиради ва яхши ухлашга ёрдам беради. Шунингдек, илиқ сут ҳам тинчлантирувчи восита.  Сут кўпгина фойдали элементларга эга бўлиб, улар мия фаолияти учун ҳам фойдалидир. Сутли ичимликларни хуш кўрмайдиганлар учун мойчечакли чой ичиш тавсия қилинади.

Буюк кишиларнинг аксарияти уйқу олдидан китоб ўқишни одат қилган. Мутолаа қилиш — илҳом, янги ғояларни ишлаб чиқишга туртки беради. Агар уйқусизликка дучор бўлган бўлсангиз, китоб мутолаасидек тинчлантирувчи, фойдали “шифо”ни тополмайсиз. Шунингдек, шовқин бўлмаган, сокин табиат қўйнида сайр қилган ҳолда, янги ғоя ва мақсадларни режалаштириш, пиёда юриш ҳам фойдали.