Ўзбекистонда яна ажралиш тартиби ўзгартирилмоқда

14.01.2018 | Жамият | 12234

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 3 январь куни имзоланган, 5 январдан қонуний кучга кирган, «Алоҳида давлат органлари фаолиятининг такомиллаштирилиши ва фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини кафолатлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши билан боғлиқ Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра Оила кодексида назарда тутилган ажраштириш механизмига ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгаришларга кўра, Оила кодексининг 40- ва 128-моддаларига нисбатан қўлланилган. Бу чоралар судлар томонидан ярашиш учун ажратилган вақтдан мақсадли фойдаланилмаётгани сабабли қўлланилмоқда.

40- ва 218-модданинг янги таҳририга кўра, энди энг узоғи уч кун ичида судлар ва ФҲДЁ органлари яраштирув комиссияларига улар зарур чораларни кўриши учун ёзма равишда билдиришнома жўнатади. Билдиришнома эр-хотинларнинг биргаликда истиқомат қиладиган фуқаролар йиғинига, агар улар алоҳида яшашса — уларнинг ҳар бири яшаётган жойга жўнатилади.

Суд томонидан ярашиш учун муддат белгилангани ёки ажрашиш иши бўйича суд мажлиси қолдирилгани; шунингдек ФҲДЁ бўлимига ариза ташланганидан бошлаб уч кун муддат ичида билдиришнома жўнатилади.

Расмий статистикага кўра, 2017 йилнинг январь-июнь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатга олинган никоҳлар — 96,3 минг (2016 йилнинг биринчи ярмида — 92,4 минг) ва ажралишлар — 15,6 минг (2016 йилнинг шу даврида — 14,8 минг) сони ошган.

Қонун матбуотда эълон қилинди ва 2018 йил 5 январдан кучга кирди.