Янги вазирлик президент топшириғини бажариш ўрнига кўзбўямачилик қилаётганларни огоҳлантирди

26.01.2018 | Ўзбекистон | 3773

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабр ойида мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган мажлисида мутассадиларга аниқ топшириқлар берган эди. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, берилган топшириқлар ижросини таъминлашда жойларда кўзбўямачилик, топшириқларни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари кузатилган. 

Хусусан, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикчилик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш мақсадида тўлақонли фаолият кўрсатаётган давлат мактабгача таълим муассасаларини хусусийлаштириш, тадбиркорларга бериб юбориш ҳолатлари учраб турибди, деб баёнот берган вазирлик. 

"Жойлардаги мутассадилар бир нарсани яхши тушуниб олишлари лозимки, фаолият кўрсатаётган, зарур шарт-шароитларга эга, тарбияланувчилари сони белгиланган, талабга жавоб берадиган боғчаларни хусусий сектор вакилларига ноль қийматда бериб юбориш оқибатида, мактабгача таълим муассасаларида таълим ва тарбия олаётган болаларнинг таълим олишида узилишлар, тарбияланувчиларни қамраб олиш, молиявий муаммолар келиб чиқмоқда.

Яна бир бор элсатиш лозимки, моддий-техник базаси талабга жавоб бермайдиган, фаолият кўрсатмаётган мактабгача таълим муассасалари фақатгина Мактабгача таълим вазирлиги билан расмий келишилгандан сўнг хусусийлаштирилиши ёки давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорларга берилиши мумкин.

Шундай экан, мазкур йўналишдаги ишлар Мактабгача таълим вазирлиги назорати остида бўлиб, фуқаролар ва уларнинг фарзандлари манфаатлари бузилмаслиги учун барча кучлар сафарбар этилганлигини маълум қиламиз.

Мазкур ҳолатлар ҳақида хабардор фуқароларимизни Мактабгача таълим вазирлигининг (0371) 2553447, 2553458 телефон рақамларига ёки [email protected] электрон манзилига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз", — дейилади вазирликнинг Фейсбукдаги расмий саҳифасида эълон қилинган хабарда.