Рустам Иноятов​ Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлигидан кетди

31.01.2018 | Ўзбекистон | 6683

23 йил давомида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматини (МХХ) бошқарган Рустам Иноятов лавозимини тарк этди. Бу ҳақда «sof.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси маълум қилди.

Рустам Иноятов (1944 йилда туғилган) МХХга 1995 йилдан буён раислик қилиб келаётган эди. Раҳбариятнинг ўзгариши тўғрисида чоршанба куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган МХХ биносидаги йиғилишда эълон қилинган.

Миллий хавфсизлик хизматига 2015 йилдан буён Ўзбекистон бош прокурори бўлиб ишлаб келаётган Ихтиёр Абдуллаев раис этиб тайинланди. У 2009 йилдан Президентнинг давлат маслаҳатчиси эди.

Бунга қадар Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган Отабек Муродов мамлакатнинг янги бош прокурори бўлди.

2018 йилги давлат дастури лойиҳасида «​Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»​ги​ қонун қабул қилиниши белгиланган. Қонунга кўра Парламент Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини назорат қилади.

Рустам Расулович Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида КГБ полковниги Расул Иноятов оиласида туғилган. 1968 йили Тошкент Давлат университетининг эрон филологияси факультетини тамомлаган. Армиядаги хизматдан кейин КГБда турли лавозимларда ишлаган. 1995 йилнинг 27 июнидан буён Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раиси ҳисобланган.