Регистон майдонидаги бўш турган ҳужраларда кафетерийлар ташкил этиш таклиф қилинди

03.02.2018 | Ўзбекистон | 2533

Испания Саноат, энергетика ва туризм вазирлиги Халқаро бўлими бошлиғи Мария Анхелес Мартинес Мингеса Самарқанднинг Регистон майдонидаги бўш турган ҳужраларда кафетерий ва меҳмонхона хизматлари ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра,  Ўзбекистонга ташриф билан келган Мария Анхелес Самарқанднинг тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари ва мустақиллик йилларида барпо этилган бино ва иншоотлар, саёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Самарқанд шаҳар ҳокими, Туризмни ривожлантириш вилоят бошқармаси, вилоятда фаолият кўрсатаётган туроператорлар, меҳмонхоналар, ресторанлар, музейлар, таълим муассасалари ва туризм соҳасига алоқадор бошқа корхоналар вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Мария Анхелес Мартинес Регистон майдонидаги бўш турган ҳужраларда кафетерий ва меҳмонхона хизматларини ташкил этишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бу Испаниядаги маданий мерос объектларида кенг тарқалган.

У шунингдек, Улуғбек расадхонаси ҳудудида юлдузларни кузатиш учун махсус майдонларни ташкил этиш, рестораторлар, туроператорлар, меҳмонхоналар ассоциациясини ташкил этиш, селфи тушиш учун махсус жойларни кўпайтириш (Самарқанд билан боғлиқ ёзувлар, табиий ландшафт кўриниши акс эттирилган конструкциялар ўрнатиш таклифини берди.

Мария Анхелеснинг фикрича, меҳмонхоналарда, савдо дўконларида ўзбек миллий либосларини ижарага бериш тизимини йўлга қўйиш, ҳунармандлар марказларида санъат намуналари, овқатланиш объектларида таом пишириш жараёнида сайёҳларнинг бевосита иштирок этишини йўлга қўйиш ва маданий мерос объектларида фаолият кўрсатаётган гидларнинг тарихий қаҳрамонлар либосларида юришларини ташкил этиш туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.