Акром Маликнинг “ўзбекча” кўзойнаги

16.02.2018 | Блог | 3622

Акром Малик бундан 2 йилча олдин ижтимоий тармоқда фаол эди. 2014 йилдаги Ўзбекистон блогерлар танловида ҳам маърифий-ахлоқий мавзудаги мақолалари билан иштирок этган. Кўпинча, миллий қадриятлар ва тарихий сиймоларимизга доир постлар улашар, мақолалар ёзарди. Malikzoda.blogspot.com шахсий блогини юритарди

Ўша вақтда фейсбукда  “Эрйигит” деб номланган саҳифа очилди ва ҳаётий қисса парчаларга бўлиб эълон қилина бошланди. Қисса қаҳрамони ҳаёт мураккабликлари узра йўл топган оддий ўзбек йигити эди. Мазмуни эсимдан чиққан, аммо қаҳрамони исми Умар эди, адашмасам. Ижтимоий тармоқда ким кўп – ғарбга ошиқлар кўп. Улар “Эрйигит” илгари сураётган мақсадларини бирдан танқид қилиб кетишди-ку. “Эрйигит” эса уларга эринмасдан бир-бир жавоб ёзар эди. Кейинчалик шу “Эрйигит” профилини Акром очганлигини эшитганман.

Акром Малик босиқ бўлса-да, кескин баҳсларга аралашарди. “Камолот” ташкилотини қаттиқ танқид остига олгани ва камолотчилар билан ўртада баҳс чиққани эсимда. Шунингдек, адиб Тоғай Мурод ҳақидаги мулоҳазалари ҳам тортишувга сабаб бўлганди.

Акром 22 ёшида кичик ёшдаги болаларга мўлжалланган “Шириндан шакар эртаклар” китобига муҳаррирлик қилган. Серияли равишда чоп этилган юпқагина эртак китобчаларнинг диққатга сазоворлиги шундаки, болаларга мос бўлмаган ваҳшийлик, шарм-ҳаёсизлик мазмунидаги эртакларни унда учратмайсиз. Турли манбалардан тўпланган эртак ва ривоятлар савол ва суратлар билан бойитилган, муҳими тадқиқотчи Акромнинг ўзбекона кўзойнагидан ўтган.

...Албатта, Акром Малик ҳақида шунча гапингиз бор экан, нега олдинроқ эълон қилмагансиз, деган фикрингиз борлиги менга маълум. Нега Акром ҳақида энди эслашмоқда? Асли у билан 2016 йилнинг ёзида нима бўлганини кўпчилик биларди. Институтдаги устозлари, ҳамкасблари хабардор. Уйидан, оиласидан хабар олинган ҳам. Аммо оила аъзолари “ўғлимиз ҳақидаги гапни ҳеч кимга айтманг, тарқаб кетса Акромга қийин бўлади”, деган илтимосларига риоя қилинган. Дадаси Абдулҳамид ака Паркентнинг зиёлиларидан, масжид имоми бўлган. Худди Акромга ўхшаган пешонаси кенг, ўрта бўйли, қийиқ кўзли, соқолига оқ оралаган истарали кишининг “..ўғлим қизиқувчанлиги зиён бўлди.. бу нарсани бировга билдирганимиз йўқ, сизлар ҳам билдирманг ...чиқиб қолар деб умид қиляпмиз.. бу гап орамизда қолсин”, дея намланган кўзини артгани эсимдан чиқмайди. Акром бир қизга фотиҳа қилинган, тўйи бўлиши яқин эди.

Энди унинг “айби” ҳақида. У ижтимоий тармоқда аноним профил остида хабарлар ёзганини кейинроқ билдик. Бу ерда унинг махфий профилига эмас, тарқатилган хабарлар мазмунига эътибор қаратилса тўғрироқ, деб ҳисоблайман. Охирги вақтда мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий муаммолар тўлиб-тиқилиб кетганлигини эътироф этмаган раҳбар қолмади ҳисоб. Мамлакат президентининг ўзи буни бир неча бор тасдиқлади. Акром Маликнинг “айби” эса бу ҳақиқатларни бошқалардан олдинроқ айтгани бўлди. Мен унинг баъзи қарашларига қўшилмасам-да, ҳозир озод юришга ҳақли йигит, мамлакатимизнинг жонкуяр ёш зиёлиларидан деб биламан. Умид қиламанки, у оиласи бағрига тезроқ қайтади ва ўз тадқиқотларини давом эттиради.

Шукуржон Исломов

2018.16.02