Ўзбекистонда “апостиль” учун тўлов миқдори 10 баробарга камайди

18.02.2018 | Ўзбекистон | 3229

Вазирлар Маҳкамасининг 17 февралдаги қарори билан Ўзбекистонда тузилган расмий ҳужжатларга махсус штамп – “Apostille” қўйилганлиги учун тўлов миқдори 10 баробарга камайтирилди.

2018 йилнинг 17 февралидан бошлаб апостиль учун тўлов миқдори 172 240 сўмдан 17 224 сўмга туширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлигининг телеграм ижтимоий тармоғидаги каналида хабар берилмоқда, деб ёзади Uznews нашри.

Расмий ҳужжатлар апостиль учун асл нусхада ёки аризачи истагига кўра нотариал тасдиқланган нусхада қабул қилинади.

Расмий ҳужжатларга махсус штамп – “Apostille” қўйиш ваколатига эга бўлган 4 та ташкилот – булар:

- судлар, адлия органлари ва муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Адлия вазирлиги;

- прокуратура, тергов, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича

- Бош прокуратураси;

- таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси;

- бошқа ҳар қандай расмий ҳужжатлар бўйича – Ташқи ишлар вазирлиги.