Хоразмда давлат ташкилотлари ходимларининг бир кунлик иш ҳақи ҳашарга ўтказилмоқда

19.02.2018 | Ўзбекистон | 3022

Хоразм вилоятида 2018 йилнинг 10 феврал куни вилоят ҳокими И. Собировнинг қарори билан “Маънавият ҳашари” ўтказилди.

Қарорда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида 10 феврал куни маънавият ҳашари ўтказилиши белгиланган ҳамда мазкур ҳашар Республика Маънавият ва Маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари ва бошқа қатор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилаётганлиги урғуланган.

“Маънавият ҳашари”да корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар аҳоли пунктлари, қишлоқлар, кўчалар, шунингдек, тарихий обида ва зиёратгоҳлар, истироҳат боғлари ва қабристонларда ободонлаштириш ишларини олиб бориши, ариқ ва зовурларни тозалаши, дарахтларга ишлов бериши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари “Маънавият ҳашари” муносабати билан ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи “Маънавият ва маърифат” марказининг вилоят бўлими ҳисоб рақамига ихтиёрий равишда туширилиши тавсия қилинган.

Хоразмлик манбамизнинг хабарига қараганда, гарчи ҳужжатда пул ўтказилиши ихтиёрий деб ёзилган бўлса-да, шу кунларда ихтиёрий-мажбурий равишда тадбир амалга оширилмоқда. Ташкилот бухгалтери ҳар бир ходимга истисно тариқасида маълум сумма (мас: 100 минг) нақд ёзади ва ушбу маблағ “Маънавият ҳашари”га ўтказилади. Истаги ҳеч кимни қизиқтирмайдиган ходим “пул ўтказилишига розиман”, дея имзо чекиб беради.

“Маънавият ҳашари”нинг ғаройиб жиҳати шундаки, қатор бюджет ташкилотлар ўзлари пул ўтказилишига розилик ташаббуси билан чиққан. Бироқ Facebook ижтимоий тармоғи ва қатор гуруҳларда хоразмликлар бюджет ташкилотлари ходимларининг арзимас маошларидан пул ушлаб қолинишини қаттиқ танқид остига олмоқда.

Xorazmstat.uz маълумотига кўра, вилоятда 1,083 млн нафар меҳнатга лаёқатли одам яшайди. Агар 200 минг нафар ходим 30 минг сўмдан ўтказганда 6 млрд сўм бўлади.