Ҳукумат "Автотест" монополиясини бекор қилди

24.02.2018 | Ўзбекистон | 2629

Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланиш бўйича "Автотест"нинг монопол ҳуқуқи бекор қилинди. Адлия вазирлигининг хабар беришича, бу борада Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Республикада 2018 йил 1 январдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари икки йилда бир марта малака ошириш курсларида ўқишлари тўғрисидаги тартиб кучга кирганди. Бунда ҳайдовчиларни ўқитиш бўйича монопол ҳуқуқ "Автотест" компаниясига берилганди.

Бу қарор компаниянинг автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича эришган ютуқлари, унинг замонавий ўқув-услубий технологиялардан фойдаланилаётганлиги билан изоҳланганди. Бироқ ижтимоий тармоқларда жамоатчилик бунга эътироз билдирди.

Натижада ҳукумат "Автотест" монополиясини бекор қилди. Эндиликда юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларининг ҳайдовчиларини малакасини ошириш билан 2018 йил 1 июндан бошлаб давлат таълим муассасалари, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар ҳам шуғулланиши мумкин бўлди.

Бундан ташқари, қарор билан автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахсларга малака ошириш мажбурий эмаслиги белгилаб қўйилди.