Тожикистон пойтахтида Шавкат Мирзиёевни 12 мингдан ортиқ талаба кутиб олади (видео)

04.03.2018 | Ўзбекистон | 5367

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 март кунига белгиланган давлат ташрифига тайёргарлик ҳозирдан бошланган. ОАВларнинг хабарига кўра, Тожикистон олийгоҳлари талабалари ва мактабларнинг юқори синф ўқувчиларидан иборат жаъми 12 минг одам Мирзиёевни кутиб олиш сценарийси бўйича репетиция қилинмоқда.

Талабалар аэропорт йўлида президент Мирзиёев келган пайт икки мамлакат байроқларини силкитиб туради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Тожикистонга давлат ташрифи билан боради. Бу Шавкат Мирзиёевнинг президент лавозимига ўтирганидан буёнги Тожикистонга илк давлат ташрифи бўлади.

1 март куни Ўзбек-Тожик чегарасида ўнта назорат-ўтказиш нуқтаси очилганини қўшни халқлар катта тантана билан қарши олган эди.

Маҳаллий журналистларнинг сўзларига кўра Тожикистонликлар Шавкат Мирзиёевга катта умидлар билан қарамоқда.Чунки Ислом Каримов Ўзбекистонни бошқарган пайтда Ўзбекистон томонидан икки қўшни мамлакат орасида виза тартиби жорий қилиниб, чегаралар ёпилган, айрим жойлари миналаштирилганди. Ҳозир тожикистонликлар икки мамлакат орасида виза тартибининг бекор қилинишини сабрсизлик билан кутишмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари давомида икки қўшни мамлакат орасидаги чегара, иқтисодий, савдо, маданий ҳамкорликларга оид бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.