Самарқанд вилояти ҳокими энг долзарб масалалар юзасидан ҳисобот беради

06.03.2018 | Ўзбекистон | 2673

Жорий йил 10 март куни Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги қирқ тўққизинчи сессияси чақирилади. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот-хизмати хабар берди

Сессияда Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг 2017 йилда вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи тингланади.

Шунингдек, кун тартибидан вилоят прокуратурасининг 2017 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ва Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи ўрин олган.

Самарқанд вилояти жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари томонидан 2017 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Самарқанд минтақавий вакилининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланиши кутилмоқда.

Сессияда ташкилий масала кўрилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилган.