Тошкент ​ва Москва молиявий ҳамкорлик бўйича йўл харитаси тайёрлади

06.03.2018 | Иқтисод | 2423

Ўзбекистон ва Россия молия ва солиқ органлари ишчи гуруҳлари ҳамкорлик бўйича йўл харитасини тайёрлади, деб хабар берди Ўзбекистон молия вазирлиги матбуот хизмати.

Хабарда билдирилишича, душанба куни Тошкентда Россия-Ўзбекистон молиявий мулоқоти доирасида ишчи гуруҳларнинг учрашуви бўлиб ўтди.

"Йиғилиш иштирокчилари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг келгуси йўналиларини батафсил муҳокама қилди ва ўзаро манфаатли асосда ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича йўл харитасини тайёрлади", — дейилади хабарда.

Молия вазирлигининг маълумот беришича, йўл харитасида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши икки мамлакат молия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Йўл харитаси Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Россия молия вазири Антон Силуанов томонидан 6 март куни Тошкентда имзоланиши кутилмоқда.