Мисрда наркотик савдоси билан шуғулланган 12 киши ўлимга маҳкум этилди

06.03.2018 | Жаҳон | 2437

Мисрнинг Қизил денгиз провинцияси жиноий суди наркотиклар контрабандасида айбдор деб топилган 12 кишини ўлимга маҳкум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда "аль-Масри аль-Яум" портали хабар қилган.

Энг олий жазога маҳкум этилганларнинг орасида етти нафар Миср фуқароси, беш нафари эса яманликдир.

Прокуратура маълумотларига кўра, "айбланувчилар Ямандан Мисрнинг Ал-Кусейр портига 113 килограмм героинни олиб ўтаётган вақтда полиция томонидан қўлга олинган".

Наркотик савдоси билан шуғулланувчиларга Миср олий муфтийсидан розилик олинганидан кейин ўлим жазоси ҳукми чиқарилган. Маҳаллий қонунларга кўра, ҳар қандай инстанциядаги фуқаролик судларининг ўлим ҳақидаги қарорлари айнан муфтий томонидан тасдиқланади.