Статистика қўмитаси Ўзбекистонда ҳар юз уй хўжаликка нечта автомобиль тўғри келишини маълум қилди

07.03.2018 | Ўзбекистон | 3180

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси аҳоли турмуш даражасига оид статистик маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, аҳолининг шахсий енгил автомобиллар билан таъминланганлик даражаси 2017 йил якунларига келиб ҳар юзта уй хўжалигига 44 тага етди.

Шунингдек, ҳар юзта уй хўжалигига тўғри келган телевизорлар сони 154 тани ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 1,7 мартага ошган. Кондиционерлар – 34 дона (2000 йилга нисбатан ўсиш — 3,1 баробар), электр чангютгичлар – 54 дона (ўсиш 1,8 баробар), кир ювиш машиналари – 80 донани (ўсиш 1,1 баробар) ташкил этди.

2017 йил якунларига кўра, 100 та уй хўжалигига тўғри келган шахсий компьютерлар 50 донани (2000 йилда эса бу кўрсаткич 0,2 донани ташкил қилган) ташкил этган бўлса, 2000-2017 йиллар мобайнида уяли алоқа телефонлари билан таъминланганлиги 14,4 баробарга ошди (2017 йил якунига келиб ҳар 100 та уй хўжалигига 257 тадан, яъни ҳар бир уй хўжалигига 2,6 тадан уяли алоқа телефонлари тўғри келди).

2017 йилнинг январь-декабрь ҳолатига кузатув маълумотларига кўра республика аҳолисининг 97,9% шахсий ҳовли ёки квартирага эга. Бу кўрсаткич қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи аҳоли бўйича 99,3% ни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткичлар 2000 йилда мос равишда 93,7 ва 95,4% ни ташкил этган эди.

Қўмитанинг таъкидлашича, уй хўжаликларида ўтказиладиган танлама кузатувлар республиканинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолда йилига жами 10 000 та уй хўжаликларида ўтказилади. Бунда 120 дан ортиқ мутахассис (интервьюерлар) томонидан бевосита уй хўжалиги аъзолари билан суҳбатлашиш орқали маълумотлар олинади.