1,4 млрд долларга баҳоланаётган Hi-Tech City бунёд этиладиган жой маълум бўлди

10.03.2018 | Ўзбекистон | 4851

Ўзбекистон ҳукумати Hi-Tech City Халқаро юқори технологияли инновацион марказ қуриладиган майдонни белгилаб берди. Вазирлар Маҳкамасининг 5 мартдаги қарорига мувофиқ, Амир Темур, Кичик ҳалқа йўли, Сандиққўрғон ва Ифтихор кўчалари ўртасидаги ҳудудда жойлашади.

Илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида ташкил этилаётган мавзе Тошкент ахборот технологиялари университети яқинида жойлашиб, Халқаро бизнес марказ ва Ўзэкспомарказ майдонини ўз ичига олади.

Март ойи давомида бўлғуси марказ жойлаштириладиган ҳудуддаги бузилиши лозим бўлган турар жойлар ва иншоотлар бу ерда ҳақиқатдан ҳам яшаётган оилалар рўйхати шакллантирилган ҳолда инвентаризациядан ўтказилади. Уларга янги ер участкалари ажратилиши лозим.

Аввалроқ Hi-Tech City қурилиши учун тўртта вариант таклиф этилгани хабар қилинган эди. Жанубий Кореянинг POSCO Daewoo компанияси билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳа қиймати 1,4 млрд долларни ташкил этади.

Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида қиймати 1 млрд долларга тенг Tashkent City Халқаро ишбилармонлик маркази ҳам қурилмоқда.