Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Роғун ГЭС бўйича келишиб олдилар

10.03.2018 | Ўзбекистон | 3543

Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, эришилган келишувлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга интилган ҳолда қўшма баёнот имзолангани ҳақида хабар берган эдик.

Унга кўра, томонлар Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайта тикланганини мамнуният билан эътироф этиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритиши иккала халқ манфаатларига хизмат қилишини ҳамда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишини таъкидладилар.

Шунингдек, давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган, икки давлат фуқароларининг 30 кунга қадар ўзаро сафарлари учун визасиз режимнинг жорий қилинаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Энг муҳими, Президентлар сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш соҳасида минтақавий шерикликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар ҳамда Марказий Осиё учун сув-энергетика муаммоларини ҳал этишда мавжуд ва барпо этилаётган гидроэнергетик иншоотлар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Шу муносабат билан Ўзбекистон томони Тожикистон Республикасида гидротехник иншоотлар, шу жумладан, Роғун гидроэлектр станциясининг қурилишида умумътироф этилган халқаро нормалар ва мазкур объектларни қуриш бўйича стандартларга риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда иштирок этиш имкониятини ҳар томонлама кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.

Давлат раҳбарлари минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда конструктив мулоқот ўрнатишга кўмаклашадиган Марказий Осиё трансчегаравий сув ресурсларидан комплекс тарзда ва самарали фойдаланиш бўйича ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Томонлар Марказий Осиё халқаро экологик форуми (Тошкент, 2018 йил 5-8 июнь) ва 2018-2028 йилларда «Сув барқарор ривожланиш учун» халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Душанбе, 2018 йил 20-22 июнь) ўтказилишини мамнуният билан эътироф этадилар.