Ўзбекистон-Тожикистон: Орзулар ушалган кун. Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг барча қўшма баёнотлари билан тўлиқ танишинг

11.03.2018 | Таҳлил | 3141

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9-10 март кунлари Тожикистонда бўлган давлат ташрифи очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган самарали музокаралардан иборат бўлди.

Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари барча соҳалардаги кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш, дўстлик, аҳил қўшнилик ва ўзаро ҳурматга асосланган кўп асрлик тарихий ва маданий умумийликдан келиб чиқан ҳолда, қуйидагилар тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар:

1. Абадий дўстлик шартномаси.

2000-йил 15 июнда имзоланган Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома қоидаларига таянган ҳолда, анъанавий дўстлик, аҳил қўшнилик ва ҳамкорлик муносабатларини имкон қадар янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга қатъий тайёр эканликларини тасдиқлайдилар.

2. Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномаси

Президентлар узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш ва ҳамкорликнинг барча йўналишларидаги мавжуд юксак салоҳиятни имкон қадар тўла рўёбга чиқариш мақсадида яқин истиқболда икки давлат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

3. Имомали Раҳмон Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари ва сиёсий ташаббусларини қўллаб-қувватлади

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган, мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тожикистон Республикаси раҳбарияти минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш, хусусан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашувлари бўйича учрашувларни мунтазам ташкил қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

4. Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмоннинг ташаббусини қўллаб қувватлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Тожикистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ўзбекистон раҳбарияти Тожикистоннинг 2018-2028-йилларда «Сув барқарор ривожланиш учун» халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

5. Ўзаро савдо ҳажми ва айрбошланаётган товарлар сони оширилади

Томонлар ўзаро савдода кузатилаётган ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда икки томонлама товар айланмаси номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 млн. долларга етказиш учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.

Хусусан, саноат кооперацияларини ривожлантириш, қўшма корхоналар ва савдо уйларини яратиш, ташқи савдо инфратузилмалари ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш механизмларини фаол ривожлантириш, шунингдек, ўзаролик асосида бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотларининг миллий кўргазмаларини ташкил қилиш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон Ҳукумати билан Тожикистон Ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида Битим имзоланди, ўзаро ташкил қилинган миллий кўргазмалар ва бизнес-форумларга юқори баҳо берилди.

6. Транспорт-коммуникациявий ҳамкорлик йўлга қўйилади

Давлат раҳбарлари транспорт қатнови соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш ва мавжуд автомобиль, темир йўл, ҳаво қатнови транзит йўналишларини қайта тиклаш ва янгиларини яратиш масалаларини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли идораларга топшириқ бердилар.

Тошкент — Душанбе орасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг очилиши ва “Ғалаба – Амузанг” участкасида темир йўл қатновининг қайта ишга туширилганини катта мамнуният билан қайд этилди.

7. Ижтимоий-маданий ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви йўлга қўйилади

Давлат раҳбарлари маданий-гуманитар соҳада, илмий муассасалар, ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва спорт жамоалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари, касаба уюшмалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ва тажриба алмашинувни ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг устувор хусусиятини қайд этдилар.

Ўтган 2017 йилда икки мамлакатда ўзаро маданият кунлари муваффақиятли ташкил этилганига юқори баҳо берилди.

Томонлар илмий ва педагогик кадрларни тайёрлаш, тадқиқотчилар, мутахассислар, профессор-ўқитувчи кадрлар ва талабалар билан алмашинув, шунингдек, таълим тўғрисидаги ҳужжатлар, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш масалалари бўйича ахборот алмашинуви соҳаларида ҳамкорлик қиладилар ва қулай шароитлар яратадилар.

8. Ўзбек тилини Тожикистонда ва тожик тилини Ўзбекистонда ўрганиш учун барча шароитлар яратилади

Икки мамлакат Президентлари ўзбек тилини Тожикистонда ҳамда тожик тилини Ўзбекистонда ўрганиш ва ўргатишни такомиллаштириш, ўзбек ва тожик тилларида ўқитиладиган умумий таълим ўқув муассасалари тизимини кенгайтириш, ўқув ва бадиий адабиётлар, даврий ва илмий нашрлар билан алмашинув бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, икки мамлакатнинг мумтоз адабиёт вакиллари ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратадилар.

Самарқандда С.Айний музейи қайта таъмирланади, Душанбеда эса А.Навоий боғи барпо этилади.

9. Икки давлат орасида чегара муаммоси бўлмайди

Томонлар Ўзбекистон ва Тожикистон Давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайта тикланганини мамнуният билан эътироф этиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритиши иккала халқ манфаатларига хизмат қилишини ҳамда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишини таъкидладилар.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган, икки давлат фуқароларининг 30 кунга қадар ўзаро сафарлари учун визасиз режимнинг жорий қилинаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

10. Уюшган жиноятчилик ва экстремизмга қарши бирга кураш олиб борилади

Президентлар терроризм ва экстремизм, наркотрафик, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний қурол савдоси, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, ноқонуний миграция ҳамда бошқа минтақавий ва халқаро хавфсизликка оид хуруж ва таҳдидларга қарши курашишда ҳам икки томонлама, ҳам халқаро форматларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, ўз ҳудудларида Томонларнинг миллий хавфсизлик манфаатларига қарши қаратилган ноқонуний фаолиятни амалга оширишга йўл қўймасликка тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Ушбу мақсадларда Ўзбекистон ва Тожикистон тегишли идораларининг маслаҳатлашувларини ўтказиш орқали ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича барча зарурий чоралар кўрилади.

11. Ҳарбий соҳада ҳамкорлик ривожланади

Икки давлат раҳбарлари ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда, шунингдек, ҳарбий таълим соҳасида ўзаро манфаатли асосларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

12. Чегаралар 2019 йилга қадар зарарсизлантирилади

Президентлар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида муҳандислик тўсиқлари участкаларини зарарсизлантириш масаласи бўйича Ўзбекистон-Тожикистон қўшма ишчи гуруҳи тузлишини мамнуният билан эътироф этдилар ва мазкур ишларни 2018-2019 йилларда якунлаш лозимлигини қайд этдилар.

13. Фавқулодда вазиятларда ҳамкорлик йўлга қўйилади

Президентлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф қилиш соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.

14. Марказий Осиё хавфсизлиги борасида икки томон – якдил

Томонлар Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашга доир долзарб масалалар бўйича позицияларининг бир-бирига мос келиши ёки яқинлигини тасдиқладилар.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёда барча ички минтақавий муаммоларни ҳал этиш минтақа давлатларининг фақатгина ўзлари томонидан очиқ ва конструктив мулоқот орқали тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирларининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширилиши мумкин ва лозимлигини таъкидладилар.

15. Сув-энергетика масалалари минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак

Президентлар сув-энергетика ресурсларидан комплекс фойдаланиш минтақавий барқарорликнинг асоси эканлигини таъкидладилар. Ушбу соҳада очиқ мулоқот, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро мақбул, адолатли ва оқилона ечимларни топиш муҳимлиги қайд этилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон томони Тожикистон Республикасида гидротехник иншоотлар, шу жумладан, Роғун гидроэлектр станциясининг қурилишида, умумътироф этилган халқаро нормалар ва мазкур объектларни қуриш бўйича стандартларга риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда, иштирок этиш имкониятини ҳар томонлама кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.

Давлат раҳбарлари минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда конструктив мулоқот ўрнатишга кўмаклашадиган Марказий Осиё трансчегаравий сув ресурсларидан комплекс тарзда ва самарали фойдаланиш бўйича ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Томонлар Марказий Осиё халқаро экологик форуми (Тошкент, 2018 йил 5-8 июнь) ва 2018-2028 йилларда «Сув барқарор ривожланиш учун» халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Душанбе, 2018 йил 20-22 июнь) ўтказилишини мамнуният билан эътироф этадилар.

16. Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик ривожланади

Президентлар халқаро масалаларда ҳар қандай қарама-қаршилик ва келишмовчиликларни фақатгина сиёсий йўл билан, музокаралар ва бошқа тинч воситалар орқали ҳал қилиш мумкин, деган якдил фикрдалар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ўзаро интилишларини билдирдилар.

Томонлар «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» номли Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Тошкент шаҳри, 2018 йил 26-27 март) ҳамда Терроризм ва радикализмга қарши курашиш масалалари бўйича олий даражадаги халқаро конференция (Душанбе шаҳри, 2018-йил 3-4-май) ўтказилишини мамнуният билан эътироф этадилар.

17. Шартномалар ўз вақтида виждонан бажарилади

Давлат раҳбарлари Томонлар ўртасида имзоланган икки томонлама ҳужжатларни ўз вақтида ва виждонан бажаришга содиқ эканликларини билдирдилар ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган соҳаларда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини жадаллаштириш учун шартномавий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва кенгайтириш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар.

18. Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмонни Ўзбекистонга таклиф  қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмонга ва бутун Тожикистон халқига Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик, самимий ва дўстона қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлишни таклиф қилди. Ташрифнинг аниқ муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.