КХДР етакчиси Ким Чен Ин АҚШ билан тинчлик шартномасини имзолашни жуда ҳам хоҳлашини маълум қилди

12.03.2018 | Жаҳон | 2398

КХДР етакчиси Ким Чен Ин АҚШ билан тинчлик шартномасини тузишни ва икки давлат ўртасида дипломатик муносабатларни йўлга қўйишни "қаттиқ хоҳлаши"ни маълум қилди, деб хабар берди душанба куни "Тона ильбо" нашри Жанубий Корея президенти маъмуриятидаги юқори мартабали манбага таянган ҳолда.

Нашр суҳбатдоши сўзларига кўра, АҚШ билан муносабатларни мустаҳкамлаш ҳақида ўз қарорини Пхеньянда жанубий Корея делегацияси билан учрашуви вақтида маълум қилган.

"Ким Чен Иннинг пировард мақсади АҚШ билан тинчлик шартномасини имзолаш ва нормал дипломатик муносабатларни ўрнатишдир, Пхеньянда Америка элчихонаси очилиши ҳам мумкин", — деб айтган манба.

Аввалроқ шимолий кореялик етакчи АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашиш таклифини киритган эди, Вашингтон бу таклифга рози бўлган. Музокаралар учрашуви вақти ва жойи эса сал кейинроқ келишилиши ҳақида маълум қилинганди.

Билл Клинтон президентлиги даврида ҳам америкаликлар Пхеньян билан дипломатик муносабатларни ўрнатиш борасида музокараларни олиб боришган. Ўшанда ҳаттоки Германия ваколатхонаси биноси ўрнида Қўшма Штатлар элчихонасини очиш имконияти кўриб чиқилган эди. Аммо сал вақтдан сўнг у ерда АҚШнинг Шимолий Кореядаги вакили ролини бажарувчи Швеция дипломатик миссияси жой эгаллади.  Аммо Америкада ҳукумат ўзгаргач ва Жорж Буш ҳукумати пайдо бўлгач, бу режаларнинг барчаси йўққа чиққан эди.