Тошкент фавқулодда вазиятлардан қанчалик ҳимояланган?

12.03.2018 | Жамият | 2389

Ўзбекистон пойтахти ҳудуди ҳар томонлама ҳимояланган, деди журналистларга 9 март куни ўтказилган очиқ мулоқот давомида Ички ишлар вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев.

ИИББ раҳбарига очиқ мулоқотда иштирок этаётган журналистлардан бири "Тошкент фавқулодда вазиятлардан қанчалик ҳимояланган?" деган савол билан мурожаат қилган эди.

Бу саволга жавобан Жўраев Ўзбекистон пойтахтида жиноятчиликка қарши курашда нафақат ИИББ ходимлари, балки Миллий гвардия, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ёрдамида комплекс ишлар олиб борилишини маълум қилди.

"Пойтахт ҳудуди ҳамма томонлама ҳимояланган, шу боис шаҳримизга ташриф буюрадиган меҳмонлар бу борада ҳавотир олмасликлари мумкин. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, биз ҳар қандай хавфни бартараф қилишга тайёрмиз", — деди Жўраев.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Ўзбекистон ФВВ собиқ раҳбари Рустам Жўраев Тошкент ИИББ бошлиғи этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур лавозимда Жўраев Ўзбекистон Мудофаа вазири ўринбосари, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони лавозимига тайинланган Баҳодир Қурбоновнинг ўрнини эгаллаган эди.