Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги 30 кунлик визасиз тартиб қачон кучга киришига изоҳ берди

12.03.2018 | Ўзбекистон | 2732

9–10 март кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи доирасида фуқароларнинг ўзаро келиб кетишлари тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унга кўра икки давлат фуқаролари 30 кунгача визасиз ўзаро сафар қилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситаларида ушбу битимнинг амал қилиши бошлангани тўғрисида маълумот тарқалгани ва давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларида фуқаролар учун ноқулайликлар пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу битимнинг қўлланиши учун томонларнинг ички тартиб-қоидалари (тасдиқлаш / ратификация қилиш) якунланиши кераклигини маълум қилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон томони билан биргаликда тегишли тартибларни тезда жорий этиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.

Шартнома кучга кириш санаси қўшимча равишда эълон қилинади.