Янги Зеландияда учувчисиз учар такси синовдан ўтказилмоқда (видео)

13.03.2018 | Жаҳон | 2461

Дунёдаги энг биринчи учувчисиз учар такси Янги Зеландиянинг Жанубий оролида, Крайстчерч шаҳрида синовдан ўтказилмоқда, деб хабар қилди New Zealand Herald.

Нашр хабарига кўра, учар таксига Cora деб ном берилган. Транспорт воситаси вертолет сингари вертикал тарзда учиши ва ерга қўниши ҳамда самолёт сингари учиши мумкин. Лойиҳа устида саккиз йил давомида иш олиб борилган. Лойиҳа устида иш олиб бораётган Zephyr Airworks компанияси олти йил ичида таксини бозорга чиқаришни режалаштирмоқда.

"Бу сингари синовлар транспорт учун келажак имкониятларини кўриб чиқиш имкониятини тақдим этади. Бундай таксилар кундалик йўл учун анчагина афзалликларга эга бўлиб, бизнинг ўсиб бораётган туристик бозоримизни ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин", — деб айтган Крайстчерч шаҳри маъмурияти раҳбари Жоанна Норис.

Нашр хабарига кўра, такси электр двигателда ишлайди ва шу боис атроф-муҳит учун хавфсиз саналади. У икки кишини ташиш учун мўлжалланган.