Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммити анъанавий саммитга айланади

14.03.2018 | Таҳлил | 2606

Қирғизистон президенти девонининг ташқи сиёсат бўлими мудири Дониёр Сидиқов Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитини ўтказиш анъанага айланишини маълум қилди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Сидиқов мазкур учрашувда минтақа кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилишини билдирди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувидан асосий мақсад халқаро ва минтақавий ривожланиш билан боғлиқ бўлган долзарб муаммолар бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш ва фикр алмашишдир.

"Минтақа давлатлари позицияларини келишиб олиш ва умумий фикрга келиш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, молия-инвестиция, транспорт-коммуникация, илмий-техника ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитини бир йилда камида бир марта, бу йил Наврўз умумий байрамида бўлаётгани каби йирик умумминтақавий байрамлар арафасида анънавий равишда ўтказиб бориш режалаштирилмоқда", — деди у.

Дониёр Сидиқовнинг сўзларига кўра, учрашувда давлат раҳбарларининг Наврўз байрамига бағишланган қўшма баёноти қабул қилинади. Баёнотда яқин минтақавий ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлашга интилиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда Марказий Осиё минтақасининг изчил ривожлантириш мақсадида долзарб муаммоларни биргаликда ҳал қилишга интилиш каби фикрлар акс этади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мазкур шаклдаги учрашувини ташкил этиш ташаббускори Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бўлиб, бу ташаббусни минтақадаги қолган давлатлар раҳбарлари қўллаб-қувватлади. Учрашувда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари иштирок этади.