Фарғона водийсидан Қозоғистон шаҳарларига автобус йўналишлари очилиши мумкин

23.03.2018 | Ўзбекистон | 2378

Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин ойлар ичида Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича иккинчи давлатлараро автобус рейсларини йўлга қўйишни режалаштирган.

Икки мамлакат ўртасидаги автобус қатнови ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан бошлаб тўхтаб қолган эди. Шу йилнинг январида Ўзбекистон ва Қозоғистон Тошкент – Чимкент – Тошкент йўналиши бўйича халқаро автобус қатновини йўлга қўйди.

"Ҳозирда Қозоғистоннинг тегишли идораси билан Тошкент – Олмаота йўналишини очиш бўйича музокара олиб бормоқдамиз. Бундан ташқари, Қозоғистон шаҳарларига Фарғона водийсидан қатновлар ташкил этишни режалаштирганмиз. Шунингдек, Ўзбекистондан Россияга қатновчи автобусларнинг ушбу мамлакат ҳудуди орқали транзити муҳокама қилинмоқда", — деди Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари Шоалим Шоваҳобов.

Суҳбатдошнинг айтишича, икки давлат ўртасида автобус қатновининг йўлга қўйилиши натижасида бир неча ой ичида 2,5 мингдан ортиқ йўловчи ташилган бўлиб, уларнинг сони ўсиб бормоқда.

"Бу икки мамлакат ташувчиларига йўл кира нархини 80 минг сўмдан 60 минг сўмга пасайтириш имконини берди. Ҳозирда автобуслар кунига уч марта қатнамоқда", — деди Шоваҳобов.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 17 ноябрда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасидаги халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённома кучга кирди. Ҳужжат билан мамлакатлар ўртасида йўловчи ташиш бўйича мунтазам ва номунтазам автобус қатновларини ташкил этиш имконияти юридик жиҳатдан белгиланди.