Бир асрдан буён ўзбек матбуотида бонг урилаётган мавзу: Дабдабали тўйларга барҳам бера оламизми?

24.03.2018 | Блог | 3811

UZ24 нашри ўзбек тўйлари ҳақида ажойиб мақолани чоп этди. Яна ҳамманинг тилида – тўй, маърака. Телевизорни очсангиз ҳам, радионинг қулоғини бурсангиз ҳам,  канали-ю, дастурининг, вақти-соатининг фарқи йўқ – гап тўй-ҳашамлар ҳақида. Газета-журналларни-ку қўяверинг. Эллик, олтмиш, ҳатто юз йил бурунги рукну мақолалар: “Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз!”

Бир муаммони юз йиллаб куйиб-пишиб муҳокама қиладиган ва  ҳал қилмасдан, аждодлари авлодларига мудом мерос қолдириб кетадиган биз, ўзбеклар каби меҳрибон миллат борми жаҳонда.

Бағрикенглик, фидойилик бундан ортиқ бўлурми!

“Нажот” газетасининг иккинчи жаҳон уруши айни авжига чиққан давр -  1917 йилнинг 27 апрель сонида чоп этилган  мана бу сатрларни ўқинг: “Ҳозирғи қимматчилик ва озиқсизлик шул қадар қўрқинчилуқ даражага бордики, кўп оилалар, фақир ва бечоралар пулга ҳам озуқ тополмасдан, кўчаба-кўча саргардон бўлиб, неча кунларгача оч турмоққа мажбурият кўрурлар. Ҳозирда давом этуб турғон дахшатлиқ уруш, бу йилғи сувсизлиқ ва чогирдка балолари бу ҳолни минбаъд яна қўрқинчлироқ даражаға олиб борадирғонға ўхшаб кўринадур. Туркистон мусулмонларининг съезди мана шу ҳолни эътиборға олинмак, орамизда бўлуб турғон баъзи бидъат ва исрофот ишларини, чунончи, тўй, маърака, гап, базм, ялочи, қозоқлар орасидаги улоқ, пойга ва жаноза бўладурғон исрофотни билкуллия барҳам бермоқға қарор берди.

“Шўройи исломия”нинг 12 апрелда воқеъ умумий мажлисида Тошканднинг қозилари ва уламолари ҳам бу ишнинг аксарини шариатга хилоф топдилар ва ўз оралариндан бир комиссия сайлаб, тўй ва маъракаларини шул комиссияларға топшурдилар”.

Ушбу қарорга ўз даврининг маълум ва машҳур шахслари, олиму уламолари, жумладан,  Мунаввар қори имзо чеккан.

Орадан юз йилдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин, бугунги, истиқлол замонининг газеталарини очсангиз яна – ўша гап, ўша рукн: “Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз!”  Машваратларга қулоқ тутсангиз - ўша-ўша ёзғириш. Интернет сайтларга кирсангиз - ўша-ўша муҳокама.  Ёқа ушлайсиз: “Бизга қарғиш текканми, нима бало! Муҳокама қилсак, ҳал этсак арзийдиган бошқа муаммоларимиз йўқми!..”

 Тўй ва қўй  - биз учун гўё тотли орзу, мангу мавзу. Эртакларимизни эсланг: “қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериб, тўйга келганларга бир бошдан қўй бериб, мурод-мақсадларига етибди...”

Тушов

 2003 йилнинг баҳори эди. Донишмандларимиздан биридан сўрадим: устоз, эсимни таниганимдан  бери радио ва телевидениедан бир хил даъват, панду насиҳатни эшитаман. Мажлисларда муҳокамаларига гувоҳ бўламан. Ҳатто бу ҳақида талай нуфузли ҳужжатлар, жумладан,  1998 йилнинг 28 октябрида фармони олий ҳам қабул қилинган. Муаммо – тўй-маъракаларимизни камтарроқ ўтказиш билан боғлиқ. Каттаю кичик - ҳамма маъқуллайди. Чапак чалади. Чақириқларга “лаббай!” деб жавоб беради.  Лекин ҳеч кимнинг паст кетгиси йўқ. “Сендан мен камми” мусобақаси ҳамиша авжида. Наҳотки, биз шу даражада оми ва жоҳил одамлармизки, нафу зараримизнинг фарқига бормасак? Бу жаҳолатдан қутулишнинг бирор чораси борми?

 Аллома оғир тин олди ва Владимир Маяковскийнинг шеърини эслади. Таржимаси аниқ ёдимда йўқ. Аммо маъноси тахминан шундай: осмонда юлдузлар порласа билинг, кимдир ундан манфаатдо-ор. Рус шоири айтмоқчики, бу дунёда ҳеч нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Ҳатто кўкдаги юлдузлар ҳам кимлардир ихтиёр этса, шуъла сочади. Тўй-ҳашам дедингиз. Камтарлигу камсуқумлик дедингиз. Буларнинг барчаси – миллатимизга, халқимизга хос фазилатлар, одатлар, албатта. Лекин оилавий маросимларнинг мусобақага айланиб кетишидан манфаатдор одамлар ҳамиша бўлган. Масалан, ресторан-тўйхона хўжайини тўй-маъракада кўпроқ меҳмон иштирок этишидан манфаатдорми? Манфаатдор. Хонандаю созандалар, видеочи-ю сураткашлар, лимузинчилар, безакчилар, арақфурушлар, қандолатчилар, қассоблар... Юзлаб, минглаб одамлар шунинг ортидан пул топади. Тўй-маърака ким учундир оилавий маросим, қувонч, кимлар учундир – катта бизнес. Дабдаба-ю асъаса, исрофгарчиликлар – жамиятимиз оёғидаги тушов. Қанча маблағ, қанча вақт, қанча сайъ-ҳаркат зое...    

Орадан 15 йил ўтди. “Тушов”нинг янги ва янги, хилма хил турлари кашф этилди. Ҳашаматли тўй-маъракалар кўпқаватли уйлару, пастқам ҳовлилардан, шаҳарлардан чиқиб, қишлоқларга оралади. Энди уйи ёки ҳовлисида, топса - стол-стул, топмаса - гилам, кўрпача тўшаб, тўй ўтказаётган одамни учратмайсиз, ҳисоб. Тупканнинг тагидаги қишлоққа борсангиз ҳам шоҳона кошонага кўзингиз тушади. Ресторан! Тонгдан шомгача одам аримайди. Гўё ҳамма бекор. 600-700 кишилик залга танга ташласангиз ерга тушмайди. Бундай саройларда тўй-ҳашам, маърака ўтказувчининг эса охири йўқ. Очередь!  

Илоҳо, ниятига етсин! Буюрсин! Лекин кошонанинг атрофига бир қаранг: гувала уйлар, тупроғи тиззадан келадиган кўчалар, томи қийшайиб қолган мактаб, деразаларига шифер ёки тунка  михлаб ташланган кутубхона...      

Шаҳарларда... Эскорт. Кўчани тўлдириб кетаётган ваҳимали автомобиллар карвонини кўриб, ўзингизни дарҳол четга тортасиз: “Бирор нуфузли мамлакатнинг Президенти келган чамаси!”. Адашдингиз. Ҳали на дурустроқ касб-кори, на тушлигу йўл кирадан ортадиган даромади бўлмаган икки ёш – келин-куёв ўтаётир. Ота-онаси омон бўлсин! Ота-онасининг орзу-ҳаваси ушалсин!

Улуғлармиз айтадиларки, одамзод вақти-вақти билан соч-соқолини, тирноқларини қайчилаб, ўзини ойнага солиб турмаса, маймундан фарқи қолмайди. 

 

alt

Масаланинг жон жойи

Тобора далзарблик касб этаётган муаммога Юрт оғаси  жамоатчилик эътиборини қаратишга мажбур бўлди. Тўй-хашамларни кибр-ҳаво, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик,  исрофгарчилик,  эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, атрофда яшаётган одамларнинг аҳвол-руҳятини инобатга олмаслик каби иллатлардан ҳоли, камтарона ўтказиш лозимлигини неча бор таъкидлади. Ўтмишдан ва ўтаётган кунларимиздан мисоллар келтирди. Мажлисларда, одамлар билан расмий ва норасмий мулоқотларда бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларининг савияси ва таъсирчанлигини ошириш даркорлигини уқтиришдан чарчамади. Ҳокимлар, маҳаллалар фаолларини, кексаларни,  ижодкор зиёлиларни бу борада мудом фаолроқ бўлишга чиқаради.      

Бироқ фақат тарғиботу ташвиқот, амри маъруф, даъват билан мақсадга эришиш душворлиги энди аён. Негаки, муаммо жўндек кўрингани билан,  илдизи чуқур, сумбати баланд.  

Шавкат Мирзиёев кўҳна муаммони янгича ҳал қилиш йўлларини кўрсатиб берар экан, масаланинг жон жойидан олди: талабни эл-юрт назаридаги ибрат аҳлига - барча даражадаги раҳбар кадрларга қаратди. Талаб аниқ ва кескин қўйилди!   

Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишларидан бирида айтган гаплари акс этган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди: “Бош вазирдан бошлаб ҳокимгача, ижро органи раҳбарига тўй-маросимга бориши ман этилади. Чойхоналарнинг ёнида давлат машинаси турганини кўрган куним ишдан олиб ташлайман. Жиноий жавобгарликка тортаман. Тўй энг кўпи 150 кишига, ош 200 кишига бўлади. Бирорта раҳбар уйида туғилган кунини ҳам, тўйини ҳам, мендан бошлаб, нишонламайди”.  

Президент алоҳида таъкидладики, исрофгарчилик ҳаддан ошаётган дабдабали тўйларни кўриб-кўрмасликка олиш – хиёнат: “Хиёнат қиляпмиз халқимизга. Тўйларни агар жойига қўйсак, коррупция бўлмайди, адолат пайдо бўлади. Ҳамма бир хил тўй қилади!”

Мабодо бирор дасти узун раҳбар, прокурорми, ҳокимми, солиқчими, чегарачими, бу меъёрни бузса-чи? Мажлисда рўй-рост айтилди: жазосини олади. Тўй-маъракаларни ўтказишнинг меъёрилари  белгилаб берилади. Қарор чиқади. Сенат қарори.

Бу ўринда тўйларнинг коррупция ва адолатсизликларга сабаб бўлаётганига оид дашном ҳам беҳуда айтилгани йўқ. Огоҳлантириш: амалдор зоти, кўзингни оч!  Мансабдорнинг оилавий маросимларида тушадиган тўёна осмон қадар бўлса, у мартабасидан кетгандан кейингиси - ер кабидир.

Таъкидланганидек, “ҳаммаси ўғрилик. Агар бунинг тагини суриштирсак, ўғрилик. Бу ҳам адолатсизликни тарғиб қилади. Ҳамма билиши керак!”

Аянчли ҳақиқат ҳам шунда - ҳамма билади!

alt

Хом талаш

“Амалдорлар дабдабали тўйлардан қўрқиб қолди”. Бу - бир хоржилик ҳамкасбимизнинг кетма-кет келган баҳор айёмлари  арафасида Тошкентда тўй-хашамлар нисбатан камайганини кўриб, чиқарган шошилинч хулосаси.    

 Давлатимиз раҳбарининг талабни бунчалик кескин ва қатъий қўйишини кутмаган салтанат саралари анчайин хушёр торгани рост. Хижолат чеккани ҳам. Бироқ уларни қўрқоқликда айблагандан кўра, хурсинганини таъкидлаган тўғрироқ бўлар эди.

Келинг, ўзингизни ўша раҳбар, дейлик, бирор туман ҳокимининг ўрнига қўйиб кўринг. Қўл остингизда каттадир-кичикдир юзлаб ташкилот, корхона, муассаса, уларда ишлайдиган минглаб раҳбар ходим бор. Ҳаммасини танийсиз. Бу рўйхатга “юқоридагилар” – вилоятдаги, пойтахтдаги, турли вазирлигу қўмиталардаги танишларингиз, қариндош-уруғларингизни қўшинг.  Ҳаммасининг яхши-ёмон кунида ёнида бўлишга бурчлисиз. Тўй-маъракасига борсангиз, хурсанд бўлиши табиий: “Фалончи Фалончиевичнинг одамгарчилиги зўр. Шунча ишини ташлаб, бизни йўқлаб кепти!..” Қўл силтаб қўя қолсангиз-чи? Афтини буриштириши тайин: “Мени одам ўрнида кўрмади. Димоғига қурт тушган!..”  Мансабдан кетган кунингиз, сизни кўрса,  тескари угирилади. Бир умрлик хижолат.  

“Ижро органи раҳбарига тўй-маросимга бориши ман этилади”, деган кўрсатма бизни ана шундай хижолатпазлик, катта ташвишдан  қутқарди, - дейди туман ҳокимларидан бири. – Энди тўй-маркасига боролмасак, қариндош-уруғ, ёру биродар, таниш-билишларимиз биздан хафа бўлмайди. Раҳбарларни мудом ишдан чалғитадиган энг катта муаммолардан бири осонгина ҳал бўлди. Суюнсак, шукронасига қўчқор сўйиб, хом талаш қилсак, арзийди”.         

Дабдабали тўйларни тақиқлаш шартми?

Шу йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенатининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.

 30 мартгача кучга киритиш режалаштирилган қарор ва унинг иловаси - низом лойиҳасини шу қисқа муддатда минглаб одамлар кўрди, ўқиди. Ўз фикр-мулоҳазалари билдирди.

Оилавий тадбирларни ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талабларда айтилишича, тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин бундай тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Тўйларда 150, ошда 200 нафаргача киши қатнашади. Дафн ва мотам маросимларида чекланмаган миқдорда фуқаролар иштирок этиши мумкин, ош бериш маросимлари бундан мустасно. Лицензияга эга бўлмаган жисмоний ва юридик шахсларга оилавий тадбирларда хизмат кўрсатиш таъқиқланади. Сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, оила бюджетини нотўғри режалаштириш ва бошқа носоғлом орзу-ҳавасларнинг салбий оқибатларини тушунтиришига эътибор янада кучайтиралади.

 Қарор лойиҳасига билдирилган турфа фикрлардан: “Гап йўқ, - деб ёзади Аҳмаджон Орифжонов, - жуда қизиқарли ҳужжат. Айниқса, қайд этилган дабдабабозлик, исрофгарчилик каби иллатларнинг илдизлари давлат органларининг айрим вакилларига бориб тақалиши ҳисобга олинса, унинг аҳамияти янада ошади. Мен беш йил хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаганман. Ким қандай тўй қилишини яхши биламан. Авом пулини ҳуда-беҳуда сарфлай олмайди. Қўли калталик қилади.  Аммо ҳурматли депутатларимиз, прокурорлар... Босар-тусарини билмай қолишади. Лекин биров уларнинг мушугини пишт демайди. Нега? Бу жамиятдаги адолатсизлик, аҳолининг табақаланиши, тенгсизликка бориб тақалади. Амалдорлар юз, икки юз минглаб доллар сарфлаб, энг қимматбаҳо нарсаларни харид қилишади. Қолганлар улардан ибрат олади. Қарзга ботади... Мусобақа давом этаверади”.         

“Келин сепи ва сарпоси масалаларида ҳам муайян меъёрлар ишлаб чиқилса, яхши бўларди, - дейди Фарангиз исмли қиз. - Ётоқхона мебели, маиший техника, хоналарни тўлдириш, безаш... Осонми! Айниқса, биз – аллақачон бўйи етган уч опа-сингил каби отасидан гўдакликдан жудо бўлган қизлар учун. Ёлғиз онамиз бунча тавишни қандай кўтаради? Уддалайди? Ётоқхона гарнитурининг ўзи камида 4-5 миллион сўм турса. Бунга яна дераза пардалари, гилам, идиш-товоқни қўшинг. Ўн миллиондан ошади...”  

Оилавий маросимлардаги дабдабаларни чеклашга оид Сенат қарори лойиҳасини ана шундай сабаблар ўлароқ кўпчилик қўллаб-қувватлаган. Қаршилар ҳам йўқ эмас: инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига зид, бозор иқтисодиёти тамойилларига тўғри келмайди, порахўрлик янада кучаяди, беҳуда иш...

Podrobno.uz сайти  “Дабдабали тўйларни тақиқлаш шартми?” мавзуида ўтказган бевосита сўров бундай хавотирларни рад этди. Унда иштирок этган минглаб одамларнинг 61 фоизи “киборлар мусобақасини тақиқлаш шарт”, деб фикр билдирди.     

Жонқобил  Жума.