Давлат хавфсизлик хизмати ходимларини ушлаб турилиши ёки қамоққа олиниши тақиқланди

06.04.2018 | Жамият | 4533

Президент Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни 15 мартда парламент Қонунчилик палатаси қабул қилиб, 29 мартда Сенат тасдиғидан ўтган «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат 6 апрель куни «Халқ сўзи» газетасида эълон қилиниб, шу куннинг ўзида кучга кирди.

Қонуннинг 37-моддаси «Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг дахлсизлик кафолатлари» деб номланади. Унга кўра, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари хизматни ўташ вақтида дахлсизликка эга бўлади.

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари тегишинча Давлат хавфсизлик хизмати раисининг, Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқларининг розилиги билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

«Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг жавобгарлиги» деб номланган 43-моддада ёзилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни Давлат хавфсизлик хизмати томонидан бюджетдан ташқари махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади ва ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиси хизмат интизомини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ жавобгар бўлади.