Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






"Ойлигимнинг қолгани қани?" Янги солиқ тизими маошга қандай таъсир қилади? (Таҳлил)
7.04.2018 20:00,  
23

Амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотлар мунозаралар учун очиқ бўлгани яхши. Жумладан, солиқ соҳасидаги кутилаётган ўзгаришларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига, энг муҳими, оддий фуқароларнинг ижтимоий аҳволига қай даражада таъсир қилишини ўрганиш, тушунишга ҳаракат қилиш ҳам жуда долзарбдир.

Мисол учун, иш ҳақидан тўланадиган солиқлар ва ажратмаларнинг мазмуни ва хажмидаги ўзгаришларни олайлик. Очиғини айтиш керак, бу борада жуда кўп гаплар айтилиб, якунда ҳаммаси иш берувчи ва ишловчилар бўйнидаги солиқ юкини камайтиришга қаратилгани иддао қилинса-да, ҳисоб-китоблар бироз умумий тақдим этилмоқда. Бунинг сабаби ҳам тушунарли, биз ҳозир "эски" деб атаётган жорий тизимда иш ҳақидан солиқ ва ушланмаларни ҳисоблаш ўта мураккаб ва бир қарашда янги тизим билан солиштириш қийин. Келинг, шу иш билан шуғулланиб кўрамиз. Агар ҳеч бўлмаса 4-синфгача математикадан яхши ўқиган бўлсангиз, мени тушунишингиз осон кечади.

ИШ ҲАҚИДАН АЖРАТМАЛАР ҚАНДАЙ УШЛАБ ҚОЛИНАДИ?

Иш ҳақидан даромад солиғи қўйидаги тўрт шкала бўйича ушлаб қолинади.

Бу шкалани тушунишда бир чалкашлик мавжуд - энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан юқори ойликлар учун 22.5 фоиз ушланади, дейилганда, бу фоиз ўша ойликнинг ҳаммаси эмас, ўн баробардан ошган қисмига қўлланилади холос. Яъни 1 800 000 сўм ойликдан (энг кам иш ҳақининг ўн баробари - 1 722 400) фақат 77 600 сўм (1800 000 - 1722400) қисмидан 22.5 фоиз даромад солиғи ҳисобланади, қолган қисмларидан кўрсатилган тегишли фоизларда ушлаб қолинади.

Қолган 1 722 400 сўм ойликдан қўйидагича даромад солиғи олинади:

Бир бараваргача - 172 240 сўмдан 0 фоиз = 0 сўм;

1 баравардан 5 бараваргача - 861 200 - 172 240 = 688 960 сўмдан 7.5 фоиз = 51 672 сўм;

5 баравардан 10 бараваргача - 1 722 400 - 861 200 = 861 200 сўмдан 16.5 фоиз = 142 098 сўм.

Демак, 1 722 400 сўм маошдан жами 193 770 сўм даромад солиғи ушланади. Кейинги қўшилган ҳар юз сўм учун 22.5 фоиз, яъни 22.5 сўм даромад солиғи қўшилиб борилаверади.

Даромад солиғидан ташқари, ижтимоий суғурта фондига ажратма мавжуд ва у иш ҳақидан 8 фоиз миқдорда ушланади. Бу ҳам ишловчининг бўйнига юкланадиган тўлов ҳисобланади. Демак юқоридаги намунага қўшимча қилсак, 1 722 400 сўм маош оладиган ишчидан 193 770 сўмдан ташқари, маошнинг 8 фоизи, яъни, 137 792 сўм ҳам ушланади.

Ишчининг қўлига ҳаммаси бўлиб, 1 722 400 - (193 770 + 137 792) = 1 390 838 сўм тегади.

(Шу ўринда янги тизимда шунча маош оладиган ишчининг қўлга тегишини ҳисоблаб кетамиз: 1 722 400 - 25 фоиз = 1 722 400 - 430 600 = 1 291 800. Яъни, янги тизимда шунча иш ҳақи ҳисобланадиган ишчи қўлига деярли 100 минг сўм кам олади. Қуйироқда бу мавзуга яна қайтамиз).

КИЧИК ВА МИКРОБИЗНЕС

Янги солиқ консепциясидаги ўзгаришларнинг иш берувчи ва ишловчиларнинг зиммасидаги солиқ юкини камайтириши таъкидланмоқда ва бу гапда жон бор. Бу ерда меҳнат бозори, талаб ва таклиф келишувларидаги бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим бўлади.

Биласизми, юқорида тилга олинган даромад солиғи, ижтимоий суғурта ажратмалари ишловчининг ойлигидан босиб қолиниши, яъни ишловчи томонидан тўланиши айтилиб келинса-да, аслида ундай эмас. Шаклан шундай тўғри, аммо мазмунан олганда бу бироз бошқача. Хусусий секторда ойликдан тўланадиган барча солиқлар иш берувчининг зиммасида бўлиб келган. Ўзим ҳам шу соҳада ишлаганим учун биламан. Бу қандай бўлади?

Мисол учун, ишловчи иш берувчига "менга бир миллион сўм ойлик берасан", деб ўз талабини қўяди тамом. Ишчининг қўлига шу маблағ тегиши учун "қоғоз"да қанча иш ҳақи ҳисоблаши керак, солиқларга қанча ҳисобланади, буларнинг барчаси иш берувчининг муаммосига айланади.

Энди қаранг, қўпол тарзда хомчўт қиламиз: ўша ишчига 1 миллион ойлик бериш учун корхона унга 1 300 000 сўм ойлик ёзади. 300 минг сўмни гўёки ойликдан ушланма сифатида даромад солиғи ва 8 фоизлик ижтимоий суғуртага тўлаб беради. 1 миллионни ишчининг қўлига беради.

Бунинг устига Ягона ижтимоий тўлов бор. Бу ажратма иш ҳақидан 15 фоизни (кичик корхоналарда) ташкил қилади ва буни тўлаб бериш иш берувчининг бўйнида. Демак, 1 300 000 иш ҳақидан 15 фоиз, яъни 195 000 сўм солиққа яна тўлайди.

Демак, бир ишчининг қўлига 1 миллион пул бериш учун корхона ўртача 1 500 000 сўм ҳаражат қилмоқда. 50 фоиз. Ойлик катталашган сари фоиз ҳам ошиб боради. (айнан шунинг учун, айрим хусусий корхоналарда ишчига аслидан камроқ иш ҳақи ҳисоблаб, солиқни камайтириш, қолган қисмини эса, жаргонда айтганда "конвертда" бериш одат тусига кирган).

Энди мана шу корхона янги тизимда камроқ ҳаражат қилади. Бир ишчига 1 миллион ойлик бериш учун тахминан 1 335 000 иш ҳақи ҳисоблаши кифоя. Бу суммадан 25 фоиз ушланганда, 1 миллион сўм қолади, тамом. Ягона ижтимоий тўлов йўқлигини эътиборга олсак, жами ҳаражат ҳам мана шу 1 335 000 сўмни ташкил қилмоқда. Яъни, мана шу бир кишининг 1 миллионлик ойлигининг ўзидан корхона 160 минг сўм ютмоқда.

Энди мазкур корхона бу тежалган суммани корхонани ривожлантириш учун сарфлайдими, фойданинг ошиши сифатида чўнтагига урадими ёки иш ҳақи учун қилинган ҳаражатни камайтирмай, ишчининг ойлигини ошириб берадими, ўзига ҳавола.

Мен фақат ишловчиларнинг қулоғига айтишим мумкин: "энди сиз учун қилинаётган иш ҳақи ҳаражатлари камида ўн фоизга камайди, бемалол раҳбарингиз олдига кириб, ойликни бироз оширишни талаб қилаверинг".

УМУМҚАБУЛ ҚИЛИНГАН СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР ВА БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИ

Энг қизиғи мана шу ерда. Ўқитувчилар, шифокорлар, давлат ташкилотлари, булар қаторига банклар, йирик заводларни ҳам қўшиш мумкин. Яъни, бундай ташкилотда ишлайдиганлар учун ойликнинг жами ҳисобланиши муҳим. Улар ўша суммадан қанчадир даромад солиғи ушлаб қолинишини яхши биладилар ва қабул қиладилар. Хўш, деярли ўзгармас ойлик ставкасига эга бўлган ишчи ва ходимларнинг маошларида, аниқроғи, "қўлга тегишида" айнан қандай ўзгариш бўлади?

Дастлабки бўлимда ҳисоблаб кўрдик, 1 722 400 сўм ойлик ҳисобланадиган "Х" ходим энди ойига юз минг сўм йўқотар экан. Энди мавзуга чуқурроқ ёндошамиз, хўш, қайси миқдордаги ойликдан бошлаб янги консепция фойдага ишлай бошлайди? Қанча ойлик оладиганларнинг "қўлга тегиши" камайиб кетади?     

Юқорида 1 722 400 сўм ойликдан 331 562 (193 770 + 137 792) сўм ушланма (даромад солиғи ва ижтимоий суғурта) ажратилишини айтиб ўтдик. Шу суммадан кейинги ҳар бир сўмдан 22.5 фоиз (даромад) ва 8 фоиз (ижтимоий суғурта) - жами 30.5 фоиз ушланиб борилади.

Энди бироз математика ишлатамиз. Тоби йўқлар шу абзацни ўқимай кетишлари ва якунни кўришлари мумкин.

1 772 400 сўм ойликда эски ва янги тизим ўртасидаги фарқ 99 038 сўмни (430 600 - 331 562) ташкил этганди. Шкала бўйича 10 баробардан юқорисига 30.5 фоиз ушланма бор. Янги тизимда бу 25 фоиз холос. Яъни кейинги ҳар бир сўмга 5.5 фоиз фарқ қилмоқда. Энди шу фарқ йўққа чиқиши, яъни 99 038 йўқолиши учун 1 800 000 сўм (99038 ни 5.5 фоизга калкуляторда бўлдик) қўшилиши керак.

3 522 400 сўм маош ҳосил бўлди. Энди текшириб кўриш учун мана шу маошдан эски ва янги тизимда ушланмалар ҳисоблаб кўрамиз.

Эски тизимда:

1 722 400 сўм қисми учун 331 562 сўм.

Қолган қисми 1 800 000 сўмдан 30.5 фоиз (22.5+8) = 549 000

Жами ушланма - 880 562 сўм.

Қўлга тегади - 3 522 400 - 880 562 = 2 641 838

Янги тизимда:

3 522 400 сўмдан 25 фоиз = 880 600 сўм

Қўлга тегади: 3 522 400 - 880 600 = 2 641 800

Демак биз бу ерда чегарани топдик, яъни эски ва янги тизимда бир хил ушланма содир бўладиган маошни. Мана шунча маош оладиган ишловчи учун ҳеч нарса ўзгармайди. Бундан каттароқ ойлик ҳисобланадиган ишловчи учун янги тизим қулай - кейинги ҳар минг сумдан 55 сўм (5.5 фоиз) ютаверади. Мисол учун, 5  миллион ойлик оладиган ишловчининг қўлига аввалгига нисбатан 82 минг сўм кўпроқ пул тегади. (Аксинча, 3 522 400 сўмдан кам маош оладиган ишловчилар учун эски тизим яхшироқ бўлган. Юқорида масалан, 1 722 400 сўм маош оладиган одамнинг қўлга тегадиган ойлиги салкам 100 минг сўмга пасайганини ҳисоблаб кўргандик)

АМАЛИЁТ ДАРСИ

Энди сиз ҳам қоғоз, қалам, калькулятор олиб, мисол учун, сиз ишлайдиган корхонанинг қоровулини ойлигини ҳисоблаб кўринг. Натижаларни солиштирамиз.

Айтайлик, унга 600 000 сўм иш ҳақи ҳисобланади. Эски тизимда ундан 32 082 + 48 000 = 80 082 минг сўм ушлаб қолади ва амакининг қўлига 519 918 сўм тегади. Янги тизимда эса, 25 фоиз, яъни 150 минг сўм ушлаб қолинади. Қоровул энди 450 000 сўм олади. Фарқ - 69 918 сўм. Йўқотиш - 15 фоиз. Сизда қанақа чиқди?

Умуман маошини билган ҳар бир инсон ундан 25 фоиз чегирма ҳисоблаб кўриши ва эски тизимдаги "қўлга тегадиган" сумма билан таққослаб олиши мумкин.  Лўнда қилиб айтганда, ойлиги паст бўлганлар ютқазяпти, кўп бўлганлар ютяпти. Қўйидаги жадвал буни тушуниб олишга ёрдам беради:

ХУЛОСА

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, аслида ҳаммаси жуда мураккаб ва тарозининг бир неча палласи мавжуд.

Шу ҳисоб-китобларга асосан бир нечта тезисни тилга олиш мумкин:

- Бюджет ва шунга ўхшаш ташкилотларда ишловчиларнинг маошлари аксарият ҳолларда юқоридаги чегарадан (3 522 400) пастлигини инобатга олсак, улар тасарруф этадиган маблағлар сезиларли ёки сезиларсиз камаяди. Балким бюджет ташкилотларида ойлик-маошларнинг оширилаётгани қайсидир жиҳатдан мана шу фарқларни қоплаш ҳам учундир, ким билади...

- Хусусий корхоналарда ростан ҳам иш ҳақи учун ҳаражатлар деярли икки баробар камайиши аниқ. Энди бу тежалган маблағлар ҳисобланаётган иш ҳақларини яширмасдан кўрсатиш, корхонани янада ривожлантириш ва энг асосийси ишловчиларнинг ойликларини оширишга йўналтирилса нур устига аъло нур бўлар эди.

- Кўриб турганингиздек, "эҳ ёмон бўлди", "энди зўр бўлди" қабилидаги умумий фикрларни четга сурган ҳолда, вазиятга ҳар бир шахс ёки корхона индивидуал ёндошгани ва айнан ўзи учун қандай таъсир кўрсатаётганига баҳо бергани энг тўғри йўлдир.

- Қолган қисмларида давлатимизга ишонамиз ва ҳаммаси халқнинг ижтимоий фаровонлиги учун бўлаётганига шубҳамиз йўқ.

Айтганча: даромад солиғи алоҳида бир ой учун ҳисобланди. Корхоналарда ойма-ой ўсиб борувчи якун билан ҳисобланиши боис, кичик суммаларга фарқланиши мумкин. Агар маош ўзгармас бўлса фарқ қилмайди.

Айтганча - 2: Эски тизимда Даромад солиғининг 2 фоизи жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси (ИНПС) шаклида ишловчининг Халқ банкидаги махсус ҳисобиида йиғилиб бориларди. Ушбу сумма ишловчининг ўзиники бўлиб, пенсияга чиққанда банкдан олиши мумкин эди. Яъни, мазмунан юқорида биз ҳисоблаган даромад солиқларини 2 фоизга пастроқ бўлганини ҳам инобатга олиш лозим.    

Айтганча - 3: ҳисоб китобларимизда корхоналарнинг масалан, касаба уюшмалари учун ҳисоблайдиган ушланмаларини (1 фоиз) тилга олмадим. Тағин, бу ҳисоб китобларга ишониб, бухгалтерингизни олдига кириб жанжал қилмаслигингизни сўрайман.

Қаҳрамон Асланов

Кун.уз

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан