Тошкент шаҳар ИИББ йўлларни ифлослантирганлик учун йирик жарималар солинишини эстлатиб ўтди

12.04.2018 | Ўзбекистон | 2327

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ўз сайтида Тошкент шаҳри ҳудудидаги қурилиш майдонларида экология ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик, қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятига риоя қилиш ва шаҳар кўчаларини тоза сақлаш тартиб-қоидаларига амал қилишга чақирди.

Хабарда эслатилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 11 октябрда имзоланган №158-сон фармойишининг 3-бандида буюртмачи ва пудратчи ташкилот раҳбарлари, шаҳарда қурилиш ишларини олиб бораётган мулкчилик шаклидан қатъи назар юридик ва жисмоний шахслар:

  • Тошкент шаҳрининг барча ҳудудларида, айниқса марказий кўчаларда қурилаётган йўл ва кўприклар, хиёбон ва ижтимоий объектлар, истироҳат боғлари ва янги турар жой бинолари, ишлаб чиқариш ва бошқа қурилиш объектларига хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларини озода сақлаш, кўчаларни ифлослантирмаслик;
  • қурилиш ҳудудларидан чиққан чиқиндиларни махсус транспорт воситаларида фақатгина чиқиндилар учун ажратилган жойларга олиб бориб ташлаш;
  • юклар, қурилиш чиқиндилари, қум ва тупроқларни махсус жиҳозланган юк машиналарида намланган ҳолда ёки уларнинг устини брезент билан ёпиш;
  • қурилишда фойдаланилаётган транспорт воситаларининг шаҳар кўчаларига тоза ва бенуқсон чиқишини таъминлаш мақсадида махсус белгиланган жойларда уларнинг ғилдиракларини ювиб-тозалаш;
  • куз-қиш мавсумида қурилиш ҳудудига бириктирилган транспорт воситалари қатнайдиган кўчаларни хазон, қор уюмлари, муз ва лойдан тозалаш учун шахсан масъул этиб белгиланган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан пойтахтда қурилиш объектларига қатнайдиган транспорт воситаларининг озодалиги назоратга олиниши ҳамда ўрнатилган тартибда мунтазам равишда мақсадли рейдлар ўтказилиши, ушбу тартиб-қоидага амал қилмаган ҳайдовчи ва масъул шахсларга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 147-моддасига мувофиқ тегишли чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 147-моддасига кўра, йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш; йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек йўл ҳаракатига қасддан халал бериш, шу жумладан йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан халал бериш — энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Йўл белгиларини ўрнатиш, йўлларни, темир йўлдан ўтиш жойлари ва бошқа йўл иншоотларини ҳаракат учун хавфсиз ҳолда сақлаш қоидаларини бузиш ёки йўлнинг айрим қисмларидан фойдаланиш ҳаракат хавфсизлигига таҳдид этадиган пайтда уларда ҳаракатни ўз вақтида тақиқлаш ёки чеклаш чораларини кўрмаслик — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.