Тошкент шаҳар ҳокимлиги врачларининг кўча тозалашларини ихтиёрий фаол ободонлаштириш деб баҳолади

13.04.2018 | Жамият | 2776

Тошкент ҳокимияти ахборот хизмати Мирзо Улуғбек туманидаги 8-оилавий поликлиника шифокорлари мажбурий меҳнатга жалб қилинганини рад этди. Ушбу ҳафтада ижтимоий тармоқларда 8-оилавий поликлиника шифокорлари ва ҳамширалари ҳар куни ҳудудларни тозалашга жалб этилаётгани ҳақидаги ахборот тарқалган эди.

«Ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган ва истиқомат қилаётган масканнинг тоза — озода бўлишини хоҳлайди. Қолаверса ҳар бир касб эгасига ҳам ўз ишлаётган корхонаси ёки ташкилоти атрофи, қўйинки ўз хонасининг тоза — покиза ҳолда сақланишида ўз ҳиссасини қўшади, хусусан шифокорларимиз ҳам. Мирзо Улуғбек туман 8-сон оилавий поликлиникаси ходимлари ҳам туман аҳолиси сингари умумхалқ ҳашарларида, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол қатнашиб, доимо ўз ҳиссаларини қўшиб келадилар. Ходимлар поликлиника ҳудудларини тозалаш ишларини фақат шанба кунлари, яъни «озодалик куни"да ишдан ташқари вақтда бажарадилар», — дейилади баёнотда.

8-сонли оилавий поликлиниканинг иккинчи умумий амалиёт бўлими мудири Гулчеҳра Саидова пойтахт ахборот хизмати билан суҳбатда тиббиёт муассасаси ходимлари туманнинг барча аҳолиси сингари мунтазам равишда умумхалқ ҳашарларида, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида иштирок этади.

«Ходимларимиз оилавий поликлиника ҳудудини тозалаш ишларида фақат кичик ва ўрта тиббий ходимлар, хўжалик ишларини юритувчи ходимлар жалб қилинади ва улар ўз махсус кийимларида тозалаш ишларига қатнашишлари мумкин. Шифокорлар ободонлаштириш ва тозалаш ишларига жалб қилинмайдилар. Қолаверса ҳеч қандай мажбурлашлар йўқ. Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт ходимлари ўз туманинг фидойиларидир, улар тозалик соғлик билан чамбарчас боғлиқлигини яхши тушунадилар. Шунинг учун ҳам ҳафтанинг ҳар шанба куни «Озодалик куни"да ихтиёрий фаол қатнашадилар», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани прокуратураси ўқитувчилар 14 март куни 42-мактаб ўқитувчиси Диана Еникееванинг ўлимига олиб келган ободонлаштириш ишларига жалб қилинганини тан олган эди.

Назорат органи вакилининг тасдиқлашича, мактаб директори ўринбосари директор топшириғи билан ўқитувчиларнинг ободонлаштиришга олиб чиқилишини ташкиллаштирган.

Аввалроқ Каттақўрғон ҳокимияти ва вилоят халқ таълими бошқармаси ўқитувчилар ободонлаштиришга олиб чиқилмагани, Диана Еникеева эса йўлни кесиб ўтаётганида «КамАЗ» юк машинаси томонидан уриб юборганини билдиришганди. Марҳуманинг ҳамкасблари эса бунинг тескарисини гапириб беришганди.

Самарқанд ҳокими Туробжон Жўраев ҳодиса юзасидан фикр билдириб, ижтимоий соҳа вакиллари маҳаллий бошқарув органлари томонидан ҳудудни ободонлаштириш ишларига жалб қилинмагани ва жалб қилинмаслигини таъкидлаганди.