Ўзбекистон ҳудудида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди

16.04.2018 | Ўзбекистон | 3246

Вазирлар Маҳкамасининг 7.04.2018 йилдаги 277-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.

10 июлдан бошлаб тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларини эксперт текширувлари асосида мажбурий кўрикдан ўтказиш жорий этилади.

Автотранспорт воситаларининг эгалари ёки эгаларининг номидан уларга эгалик қилувчи, фойдаланувчи ва (ёки) тасарруф этувчи шахслар қуйидаги муддатларда автомобилни эксперт текшируви учун тақдим этишлари шарт:

• янги тайёрланган автотранспорт воситаларининг эксперт текшируви улар тайёрланганидан 6 йилдан сўнг;
• келгуси йилларда эса — ҳар 3 йилда.

Текширувлар ариза берувчининг талабномаси ва у билан тузиладиган шартнома асосида «Ўзстандарт» агентлигида аккредитация қилинган лаборатория томонидан ўтказилади. Текширувлар чоғида автонинг бундай турдаги транспорт воситалари учун белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади.

Лаборатория талабномани 1 иш куни ичида рўйхатга олади ва 2 иш куни мобайнида ариза берувчига текширув баённомаси нусхасини беради. Баённоманинг асл нусхаси ариза берувчи гувоҳномани оладиган Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармасига берилади. Гувоҳнома бериш учун йиғим ундирилмайди.

Ҳужжат билан қуйидагилар ҳам жорий этилмоқда:

  • автомобиль транспортида ташиш учун тақдим этиладиган тез бузиладиган юклар рўйхати;
  •  
  • битта автотранспорт воситасида бирга ташишга рухсат бериладиган тез бузиладиган юклар гуруҳи. 

Ҳужжат 10.07.2018 йилдан кучга киради.