Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Атрофлича таҳлил. Ўзбекистон ташқи сиёсатида Афғонистоннинг ўрни ва иккинчи Тошкент тинчлик жараёни (биринчи қисм)
17.04.2018 18:32,  
886

Сўнгги асрларда ўз даврининг глобал ва минтақавий кучлари Афғонистонни қўлга киритиш учун тинимсиз геосиёсий кураш олиб борди. Фақат бугунгача ҳеч бир кучли давлат бу минтақада мутлоқ устунликка  эга бўлган эмас. 17 йилдир Афғонистонда ҳарбий амалиётлар олиб бораётган АҚШ ҳам бунинг уддасидан чиқолмаётир. Шундай экан, Афғонистонни ички ва ташқи сиёсий кучлар манфаатлари тўқнашадиган ва ҳеч бири мутлоқ устунликка эришолмайдиган геосиёсий “аросат майдони” деб аташ мумкин. 

Ана шундай зиддиятли бир муҳитда ва хавфли географияда жойлашган Афғонистон билан икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ҳеч бир узоқ ва яқин қўшни давлат учун осон кечмаган. Мустақиллигининг дастлабки йилларидаёқ қўшни мамлакатдаги ички сиёсий курашларга гувоҳ бўлган Ўзбекистон учун бу йўл янада оғир кечди. Асосий мавзуга ўтишдан олдин мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг тадрижий ривожланиш тарихига қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик. Шунингдек, бу мақолада Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси (АИР) муносабатларини шартли равишда уч даврга ажратиб, таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.

Биринчи босқич: Афғонистондаги ички курашлар ва Толибон таҳдиди остида кечган бесамар йиллар

Биринчи босқич 1992-2001 йилларни қамраб олади. Маълумки, 1992 йилда Нажибуллоҳ ҳукумати ағдарилди, Бурхониддин Раббоний бошчилигидаги мухолифат Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олди. Ўша йили мамлакатларимиз орасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Яна айни шу йилда Қобул кўчаларида Афғонистон ҳукумати ва қуролли гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар бошланиб кетди. Кейинги йиллар давомида Қобул деярли вайронага айлантирилди.. 1994 йил Толибон Қандаҳорни, кейинги йил эса Ҳиротни босиб олди.  Афғонистондаги сиёсий кучлар ўртасида шиддатли тус олган ана шундай тўқнашувлар манзарасида ўзбек-афғон алоқаларини ривожлантиришга имкон қолмади. 

Мамлакат жанубидан шимолга қараб ҳарбий юриш бошлаган Толибон ҳаракати 1996 йилда Қобулни қўлга киритди ва Афғонистонни “Ислом Амирлиги” деб эълон қилди. Толибон Қобул билан чекланмади, яна шимолга – Марказий Осиё чегараларига тўғри ҳаракатланишда давом этди.  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқоқтлар институти директори Владимир Норовнинг фикрича, “АИРнинг аввалги ҳукумати ва уларнинг тарафдорларидан ташкил топган “Шимолий Иттифоқ”нинг саъй-ҳаракатлари билан Толибон ҳаракатининг шимолга юриши (бир муддатга-муаллиф изоҳи) тўхтатилди.”  

1998 йилнинг август ойида Толибон ҳаракати Ўзбекистонга чегарадош Мозори Шарифни қўлга киритишга муваффақ бўлди  ва у ердаги Эрон дипломатларини қатл қилиб, дипломатик можаро ҳамда минтақавий уруш хавфини ўртага чиқарди. Шу аснода БМТ аралашуви билан эҳтимолий Эрон-Толибон тўқнашувининг олди олинди. Бу воқеаларга параллел равишда Америка Қўшма Штатлари Танзания ва Кениядаги элчихоналарининг портлатилиши ортидан, Афғонистоннинг Ҳост вилоятидаги Ал-Қоида тайёрлов лагерларига қарши қанотли ракеталар билан ҳужум қилди. Ана шу воқеа ҳам Толибонни БМТ воситасидаги сулҳ келишувларига рози бўлишга мажбур қилган бўлиши мумкин. 

Орадан икки йил ўтиб Толибон яна ҳужумга ўтди ва шимолдаги Талоқон шаҳрини босиб олди.  Шу тариқа Толибон ҳаракати Афғонистон ҳудудининг қарийб 95 фоизини эгаллаб олиб,  Марказий Осиёдаги барқарорликни хавф остига қўйди. 
Минтақада уюшган жиноятчилик, ноқонуний қурол-яроғ савдоси ва наркобизнеснинг кенг ёйилиши билан бирга, экстремизм ва тероризм хавфи ҳам кучайиб борди. Энг аянчлиси, 1999 йилдан бошлаб кейинги уч йил давомида Афғонистондаги терорчи гуруҳлар Тожикистон орқали Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара ҳудудларига бостириб кирди. Толибон ҳаракатининг 15 минг кишидан иборат энг сара жангарилари Тожикистон чегарасидан 20-30 км жанубда, Афғонистоннинг Қундуз шаҳри атрофида тўпланиб, Имомали Раҳмон ҳукуматини жиддий қайғуга солди. Фақат бу таҳдидлар, минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатлари натижасида катта маблағ ва кўплаб қурбонлар эвазига бартараф этилди. 

Маълумки, умумий тарих, маданият ва айни динга мансуб бўлган халқларимиз ҳар қандай шароитда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган. Афғон халқи бир вақтлар чор Россияси зулмидан азият чеккан минглаб Туркистонликларга ўз эшикларини очгани каби 1990 йилларда юзага келган можаролар натижасида Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлган уруш қочқинларига Ўзбекистон ҳам мезбонлик қилди.  БМТ кафиллиги остида 10 мингга яқин Афғонистон фуқароси Ўзбекистонда вақтинчалик паноҳ топди.

Кейинчалик уларнинг озчилик бир қисми бошқа мамлакатларга қайта жойлаштирилди. 2001 йилда Толибон ҳокимияти ағдарилгандан кейин Каримов ҳукуматининг истаксизлиги туфайли кўпчилик афғонистонлик қочқинлар ўлкаларига қайтиб кетишга мажбур бўлди. 2003 йилга келиб юртимизда вақтинчалик истиқомат қилиб турган афғонистонлик қочқинлар сони қарийб 10 минг кишидан 6 минг кишига, 2005 йилда эса 2500 кишига тушиб қолди.  Андижон воқеаларидан сўнг БМТ Қочоқлар Бўйича Олий Комиссиясининг Тошкентдаги ваколатхонаси ёпилиши туфайли мамалакатимиздаги афғонистонлик қочқинлар қийин аҳволда қолди.  

Ўзбекистон ҳукумати БМТ минбарларидан туриб бутун дунёни Афғонистондаги тероризм ва экстремизм хавфидан бот-бот огоҳлантиришига қарамасдан халқаро ҳамжамият бу балони кўриб кўрмасликка олди. Токи терорчилар дунё сиёсатининг маркази бўлган АҚШни нишонга олмагунча ғарбнинг кўзи очилмади. Шу тариқа қудратли давлатлар ва уларнинг назорати остидаги нуфузли халқаро ташкилотлар терор хавфи билан ўз уйларида қаршилашмагунча, дунёмиздаги ҳар қандай хавфли таҳдидларга қарши курашишга шошилмаслигини намойиш қилди. Бундай муносабат шуни кўрсатдики, кучли давлатлар тероризм каби глобал муаммолардан ҳам аввало ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади.

Бошқа томондан, Ўзбекистон бошиданоқ афғон можаросини фақатгина ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг иложи йўқлигини урғулаб келди. Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш учун барча қўшни давлатларни жалб қилиш зарурлигига эътибор қаратди. Шу маънода расмий Тошкент "6+2" (Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон, шунингдек, АҚШ ва Россия) тинчлик ташаббуси билан чиқди. Ушбу ташаббус БМТ ва манфаатдор тарафлар томонидан маъқулланди. Шу тариқа "6+2" мулоқот гуруҳи тузилди. Бу гуруҳ 1999 йилдан 2001 йилгача Тошкент ва Нью Йоркда бир неча учрашувлар ўтказди. Бу учрашувларда Толибон ҳаракати ва Шимолий Иттифоқ вакиллари ҳам иштирок этди.  1999 йилда Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг асосий тамойиллари тўғрисида Тошкент декларацияси қабул қилинди. Бироқ кутилмаганда содир бўлган 11 сентябр терор ҳужумлари ва Афғонистон устидан юритилган геосиёсий ўйинлар ушбу механизмнинг самарадорлиги ва бардавомлигига бутунлай нуқта қўйди. Шундай қилиб, Ўзбек-Афғон муносабатларининг энг оғриқли биринчи 10 йили минтақадаги ҳарбий-сиёсий ўйинлар, қонли тўқнашувлар, тероризм ва экстермизм соясида қолиб кетди.

Икинчи босқич: 11 сентябр воқеаларидан кейинги давр

2001 йил охирида Толибон ҳокимияти АҚШ бошчилигидаги каолиция кучлари томонидан тор-мор қилинди. Афғонистонда 2001 йилнинг декабр ойида Ҳамид Карзай бошчилигидаги муваққат ҳукумат тузилди.  Шу тариқа Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида иккинчи давр бошланди. 2002-2016 йилларни ўз ичига олган бу даврда икки томонлама иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик алоқалари анча мустаҳкамланди. 2002 йил 16 декабрда Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонга самарали халқаро ёрдам кўрсатиш мақсадида ўзбек-афғон чегарасидаги ягона ўтиш йўли ҳисобланган Ҳайратон кўпригини очди.  

11 сентябр воқеалари ортидан юзага келган глобал ва минтақавий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг Афғонистондаги инсонпарварлик иштироки ва таъсирини кучайтириб юборди. Каримов ҳукумати Афғон урушига аралашмаслик ва ҳарбий ҳаракатларда ҳеч бир тарафни қўллаб-қувватламасликка қатъий бел боғлади. Бу даврда ҳам хавфсизлик ва барқарорлик энг устувор масала бўлиб қолаверди. Шу боис икки томонлама алоқалар ўта эҳтиёткорлик билан олиб борилди. 2014 йилги сайловларда Афғонистоннинг шимолий вилоятларида ўзининг кучли таъсирига эга бўлган ўзбек миллатига мансуб генерал Абдул Рашид Дўстимнинг Афғонистон вице-президенти этиб тайинланиши мамлакатдаги ўзбеклар мавқейини ошириш билан бирга икки томонлама муносабатларимизнинг ривожига ҳам ижобий ҳиссасини қўшди. 

Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва қайта қуриш борасида ҳам жуда муҳим рол ўйнай бошлади. Мисол учун, мамалакатимиз 2002 йилдан буён Афғонистонга электр энергиясини етказиб берувчи асосий хорижий давлат ҳисобланади. 2010 йилдан эътиборан Термиздан Қобулга “ҳар йили ўртача 1,6-1,8 миллиард КВт/с электр энергияси етказиб берилмоқада. ” Бундан ташқари Ўзбекистоннинг мавжуд транспорт тармоқлари орқали Афғонистоннинг шимолий вилоятларига муҳим ёрдам ва таъминот юклари етказиб турилди. 2010 йил охирида Ўзбекистон орқали Афғонистонга АҚШ ва НАТОнинг ҳарбий бўлмаган юкларини транзит қилиш бўйича келишувларни амалга ошириш бошланди.  2011 йилда Афғонистонга йўлланган НАТО юкларнинг 50 фоизидан кўпроғи Шимолий Таъминот Тизими деб номланган мазкур йўл орқали етказиб берилди. 

2008 йил апрел ойида Бухарестда бўлиб ўтган НАТО саммитида президент Каримов Афғонистондаги беқарорликни бартараф қилиш учун "6+2" ташаббусига ўхшаш бўлган "6+3"  тинчлик формуласини илгари сурди. Янгиланган ташаббус Афғонистоннинг 6 қўшниси ва ташқаридан таклиф қилинган Россия ва АҚШ билан биргалкикда  НАТОни ҳам қамраб олганди.  Халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортмагани учун мазкур ташаббус 2012 йил БМТ Бош Ассамблеяси 67-сессиясида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов томонидан такрор тақдим қилинди. “6+3” ташаббуси бу сафар ҳам етарлича қизиқиш уйғотолмади ва қоғозда қолиб кетди. Буни халқаро майдонда Ўзбекистонга нисбатан ишонч ва эътибор камайгани билан изоҳлаш мумкин.

Шунга қарамай Ўзбекистон Афғонистонни қайта тиклаш ва ривожлантириш ишларида фаол иштирок этди. Ўзбекистон Афғонистон тарихида илк темир йўлини қурган мамлакатга айланди. 2011 йилда Ўзбекистонлик мутахассислар Ҳайратон чегара пункти ва шимолий Мозори Шарифни бир-бирига боғлайдиган, узунлиги 75 км, қиймати 165 миллион долларга тенг бўлган темир йўли қурилишини якунлади. Мазкур йўл йилига 9 миллион тоннадан кўпроқ юкни ташиш имконини беради. Бу темир йўли мамлакатларимиз орасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш билан бирга Афғонистондаги НАТО кучлари учун ҳам ноҳарбий юкларни етказиб беришга хизмат қиладиган барқарор йўлга айланди. 2014 йилдан кейин НАТО кучларининг бир қисми шу йўл орқали Афғонистонни тарк этганди.  НАТО урушда ишлатилган қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техниканинг бир қисмини Ўзбекистонга берган эди. 

Мамлакатларимиз ўртасида бошқа соҳаларда бўлгани каби алоқа соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланиб борди. 2008 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида оптик толали алоқа соҳасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилди. 2009 йилнинг июл ойида Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистонни илк бор бир-бирига боғлаган оптик толали ер ости интернет тармоғининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.  Афғонистонни иқтисодий тиклаш жараёнининг дастлабки босқичида ишга туширилган оптик толали маълумот узатиш линияси мамлакат шимоли ва маркази ўртасида узлуксиз алоқани таъминлаб берди. Оптик толали тармоқ фойдаланишга топширилиши билан Афғонистонда, айниқса шимолий вилоятларда интернет хизматидан фойдаланиш баҳоси 80 фоизгача арзонлашди.  Таъкидлаш жоизки, Афғонистон шимолини халқаро интернет тармоғига боғлаган илк оптик толали ер ости кабел линяси 2007 йилда Тожикистон орқали ўтказилган эди.

Икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил қилинган савдо-иқтисодий алоқалар бўйича Ўзбекистон-Афғонистон ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи мажлисини 2007 йилнинг июл ойида Тошкентда ўтказилди. 2010 йилнинг биринчи чорагида эса Мозори-Шарифда "ЖМ Узбекистан" заводининг тарқатиш (дистрибютор) маркази очилди. 2015 йилда Тошкент шаҳрида савдо-сотиқ, транспорт ва энергетика соҳасидаги ўзбек-афғон ишчи комиссиясининг биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди.  
Муносабатларнинг иккинчи босқичида ўзаро савдо-сотиқ асосан Ўзбекистон фойдасига кенгайиб борди. Бошқача айтганда икки томонлама тижорат ҳажмининг 90 фоизидан кўпроғи Ўзбекистоннинг Афғонистонга экспорти ҳиссасига тўғри келди (жадвалга қаранг). Афғонистон Марказий статистика ташкилотининг маълумотларига кўра, 2002 йилдан 2009 йилгача Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги икки томонлама савдо айланмаси деярли тўққиз баробарга ошди. Биргина 2009 йилда икки мамлакат ўртасидаги умумий савдо ҳажми 877 милион АҚШ долларини ташкил этди. Бу эса 2009 йилда Афғонистоннинг ташқи дунё билан олиб борган умумий савдо-сотиқ ҳажмининг қарийб тўртдан бири демакдир. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 2010 йилда муносабатларимиз тарихидаги энг юқори савияга кўтарилиб, 1 миллиард 88 миллион АҚШ долларга улашди.

Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида 2001-2016 йиллардаги экспорт-импорт ҳажми (млн. АҚШ доллари)

Йил

Экспорт

Импорт

2001

1

2

2002

4

88

2003

5

25

2004

5

95

2005

1

204

2006

2

144

2007

2

167

2008

2

501

2009

1

876

2010

398,28 минг

1,088 миллиард

2011

148,97 минг

732

2012

6

709

2013

3

582

2014

427,09 минг

722

2015

262,82 минг

328

2016

411.76 минг

399

Мазкур жадвал Афғонистон Ислом Республикаси Марказий статистика ташкилоти маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.                

Кейинги йилларда Афғонистон ва Ўзбекистон  ўртасидаги экспорт-импорт ҳажми ҳар хил ҳисобларга кўра 25-55 фоизгача камайиб кетди. Никита Мендковичга кўра, бунинг сабаби “мамлакатлар ўртасидаги алоқалар совуши натижаси эмас, Афғонистонда ички муаммолар ва хавфсизлик вазиятининг ёмонлашуви билан боғлиқ бўлган”.  2014 йилдан бошлаб НАТО кучларининг Афғонистондан олиб чиқилиши билан мамлакатдаги вазият издан чиқа бошлади ва минтақадаги хавфсизликка таҳдид кучайди. Бир томондан ИШИД, унга алоқадор гуруҳлар ва Толибон жангарилари ўртасида, иккинчи томондан эса Афғонистон ҳукумат қўшинлари ва юқоридаги терорчи гуруҳлар орасида мамлакат жанубий-шарқида, Тожикистон ва Туркманистонга чегарадош шимолий вилоятларида кескин тўқнашувлар юзага келди. Натижада айрим ҳудудлар ИШИД ва Толибон назоратига ўтди.  Ушбу воқеалар асосида сиёсий раҳбарлар, шу жумладан Россия президенти Путин ва хавфсизлик масалалари бўйича мутахассислар терорчиларнинг Марказий Осиё чегараларига тўғри ҳаракат қилишидан кўзлаган асосий мақсади - минтақани беқарорлаштириш, деган хулосага келди. 

Учинчи босқич: ўзаро ва кўп томонлама муносабатлардаги янги даврнинг бошланиши

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши деб белгиланди. Қўшнилар, жумладан Афғонистон билан ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама муносабатларда янги давр бошланди. Бу босқичда Ўзбекистон Марказий Осиё ва дунёга очилиб бормоқда. Бу очилиш Афғонистон мисолида ҳам яққол сезилиб турибди. 

Ўзбекистон ва Афғонистон президентларининг қисқа вақт ичида беш маротаба учрашгани ва муҳим келишувларга эришгани сўзимизнинг исботидир. Хусусан, Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 2017 йил декабр ойида Ўзбекистонга ташрифи доирасида умумий қиймати 500 миллион долларга тенг бўлган 40 та шартнома имзоланди.  Умуман олганда ўтган йиллар давомида, энг аввало, Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларининг ҳуқуқий замини мустаҳкамланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмалжон Умирзоқовнинг айтишича, дипломатик алоқалар ўрнатилгандан бери мамлакатларимиз ўртасида “турли соҳаларга оид 47 ҳужжат имзоланган.” Шундан 17 таси сиёсий, хавфсизлик масалаларига, 15 таси транспорт-логистика соҳасини жонлантиришга ва 12 таси савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. 

Президент Ғанининг ташрифи доирасида умумий қиймати 150 миллион доллар ва узунлиги 260 км. бўлган 500 кБт/с.лик “Сурхон-Пули-Хумри” электр узатиш линясини қуриш ҳақидаги келишув имзоланди. “Ўзбекенерго” АЖ раиси ўринбосари Шуҳрат Шералиевга кўра, Ўзбекистон ушбу лойиҳа воситасида Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни кўпайтирмоқчи. 2020 йил охиригача тамомланиши режалаштирилган ушбу лойиҳа мамлакатимиздан Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси миқдорини 70 фоизга ёки йиллик 6 миллиард кВт.с га кўпайтириш имкониятини беради. Келгусида бу линия орқали Марказий Осиё ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электр энергиясини Покистон бозорига экспорт қилиш мумкин бўлади.  Ички бозорни электр энергияси билан тўла-тўкис таминлаёлмаётган Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилиниши реажалаштирилган кўп миқдордаги электр энергиясини қаердан олиши ҳозирча жумбоқ бўлиб турибди. Ҳар қалай бу борада ҳукуматнинг аниқ режаси бор деб умид қиламиз. Акси ҳолда ички таъминотдан тежаш йўли билан экспортни қондиришга, халқни электрсиз қолдиришга тўғри келади.  

Афғонистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида “Мозори Шариф-Ҳирот” темир йўлини молиялаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш" бўйича битим ҳам имзоланганди. Айни пайтда “Мозори Шариф-Ҳирот” темир йўлини қуриш устида ишлар олиб борилмоқда. Умумий қиймати 3 миллиард доллардан кўпроқ ва узунлиги 650 км. бўладиган мазкур лойиҳани ўзбекистонлик мутахассислар амалга оширади.  

2017 йил охирида Ўзбекистон ва Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, мамлакатларимиз Олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди.  Бу келишувлар соғлиқни сақлаш, таълим, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода 2018 йилнинг январ ойида Термиз туманида Афғонистон ёшларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди. Ҳозирги кунда юзга яқин афғонистонлик ёшлар мазкур даргоҳда таҳсил олмоқда.  Расмий Тошкент афғон ёшларини Ўзбекистон Олий ўқув юртларида ўқитиб беришга тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, Термиз шаҳридаги ихтисослашган шифохонада Афғонистон фуқароларига тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати йўлга қўйилди. Томонлар Термиз шаҳрида Афғонистон консулхонасини очишга ҳам келишиб олди.  Шунингдек, президент Мирзиёев Афғонистонга 25 дона “Исузу” русумли автобус ва 3 та "Нью Ҳолланд" маркали трактор совға қилди.  

Иқтисодий алоқаларимиз кўлами кенгайиб, ривожланиб бормоқда. 2017 йил “Ўзсаноатэкспорт” АЖ ва “Узтрейд” компанияси  Қобул ва Мозори Шариф шаҳарларида савдо уйиларини очди.  Алоқаларнинг янги босқичида икки мамлакат ишбилармон доиралари ва ишлаб чиқарувчилари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш тарғиб қилинмоқда. Шу мақсадда, 2018 йилнинг март ойида “Термиз карго” экспорт марказида сурхондарёлик ва балҳлик (Афғонистон) ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазма-ярмаркаси ташкил этилди. Томонлар ўртасида 5,5 миллион долларлик шартномалар имзоланди 

Сўнгги йилларда икки томонлама тижорат ҳажми қайтадан жонлана бошлади. Таъкидлаш лозимки, Афғонистон ва Ўзбекистон статистика ташкилотлари томонидан тақдим қилинган рақамларда жиддий тафовут мавжуд. Масалан, Афғонистон Марказий статистика ташкилоти 2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги экспорт-импорт ҳажмини 399 миллион 411 минг АҚШ долларидан кўпроқ деб қайд этган.  Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси эса айни йил учун Ўзбекистоннинг Афғонистонга экспорти миқдорини 517,3 миллион АҚШ доллари деб кўрсатган. 

2016 йил Афғонистон Ўзбекистоннинг энг катта 5-экспорт бозорига айланди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Жамшид Жўраевнинг маълум қилишича, 2017 йилда томонлар ўртасидаги савдо айланмаси 617 миллион долларни ташкил қилди. Жўраевга кўра, умумий қиймати йиллик 6,5 миллиард долларга тенг бўлган Афғонистон импортининг атига 10 фоизидан камроғи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Ваҳолангки, вазирга кўра, Ўзбекистоннинг Афғонистонга экспорти ҳажмини йиллик 3 миллиард долларигача кўтариш имконияти мавжуд.  Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг  2017 йилнинг 24 январ куни Қобул шаҳрига расмий ташрифи чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмасини қисқа вақт ичида 1,5 миллиард долларга етказиш имконини берадиган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.  

Афғонистон фақатгина таҳдидлар майдони эмас, улкан иқтисодий имкониятлар макони ҳамдир. Гап шундаки, мамлакатда ўзлаштирилмаган жуда катта миқдордаги ер ости ва ер усти бойликлари аниқланган. АҚШ ва Афғон расмийлари Афғонистонда топилган минерал қазилма заҳираларини 1-3 триллион АҚШ доллар атрофида деб баҳолаган.  Мамлакатда “мис, кўмир, темирнинг йирик конлари, олтин, кумуш, литий, платина, рух, никел, зумрад, ложувард, ёқут, лаъл, турмалин, хромит, ош тузи ҳамда бир қатор радиоактив элементларнинг ўрта ва кичик ҳажмдаги жами 400дан ортиқ кони” аниқланган.  Бу рақамлар АҚШ геологик тадқиқотлар институтининг Афғонистон ҳудудининг 70 фоизида олиб борган тандқиқотлари натижасига таянади.  Мамлакатнинг қолган қисми учун минерал бойликлар харитаси ҳозиргача ишлаб чиқилмаган. Демак, Афғонистонинг табиий бойликлари таҳмин этилганидан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Ўзбекистон келажакда қўшни мамлакатдаги мавжуд заҳираларни ўзлаштириш ва янги конларни қидириш ишларида қатнашишдан жуда катта моддий даромад кўриши мумкин.

2017 йилда Афғонистон аҳолисининг умумий сони қарийб 29,7 миллион кишини ташкил қилди.  Шундан 7-8 миллиони ўзбек миллатига мансуб Афғонистон фуқаролари эканлиги айтилади. Ўзбекистондан ташқарида энг кўп ўзбеклар яшайдиган ўлка ҳам Афғонистондир.  Бошқа томондан ўзбек тили Афғонистон давлат тилларидан бири деб тан олинган. Бу омиллар Ўзбекистон экспорти учун жуда қулай бозор ҳисобланган Афғонистонда нафақат савдо-сотиқни қулайлаштириши, балки умумий алоқаларимизни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиши табиий. 

Минг афсуски, Ислом Каримов даврида юритилган ёпиқ ташқи сиёсат туфайли Афғонистондаги кўп сонли ўзбеклардан “юмшоқ куч” сифатида унумли фойдаланилмади. Бунинг устига қўшни ўлкадаги миллатдошларимиз эътиборсиз ва ҳимоясиз қолдирилди. 
Мирзиёев ҳукумати Афғонистон ҳукумати билан келишган ҳолда мамлакатдаги ўзбеклар масаласига алоҳида ва кўпроқ эътибор қаратиши, ўзбеклар ҳаётида ва тафаккурида юзага келган маданий, маънавий ва илмий бўшлиқни тўлдириши керак деб ўйлаймиз. Назаримизда, имкон доирасида Афғонистондаги ўзбеклар таълими учун сармоя киритишимиз керак. Чунки афғонистонлик ўзбекларнинг ҳаммадан кўпроқ бизга эҳтиёжи бор. Ўзбекистонлик тадқиқотчи Шуҳрат Саламовнинг (Шуҳрат Барлос) Афғонистонда 2000 минг нусхада нашр этилган ўзбек тили таълими ҳақидаги китобидан бир кунда 1270 дона сотилгани афғонистонлик ўзбекларнинг Ўзбекистонга нақадар қизиқишининг, илмга чанқоқлигининг оддий бир мисолидир.  Чегара ортида миллионлаб миллатдошларимиз Ўзбекистонга талпиниб, умид билан биздан мадад кутиб яшаётганини унутмаслигимиз лозим. Бошқа томондан илмга сарфланган сармоя ҳеч қачон бекор кетмаслиги, вақти келиб қат-қат фойда келтириши жаҳон тажрибасидан маълумдир.     

Отабек Омонқулов

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан