Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Фавқулодда вазиятлар вазирлиги янги хавфдан огоҳлантирди
20.04.2018 19:09,  
14

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистонда Конго-Қрим геморрагик иситма касаллигини олдини олиш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар хусусида маълумот берди.

Қрим – Конго геморрагик иситма касаллиги дастлаб 1944 йилда Қримда, 1956 йилда эса Конго давлатида бир гуруҳ одамларда учраган.

Бу касаллик – одамларга асосан майда шохли ва йирик шохли қорамоллардаги мавжуд (Иксод) каналарни териш, уларни жунини олиш ёки чўл ҳудудларида уларни боқиш жараёнида кана чақиш орқали юқади. Иксод каналарининг ҳазм йўлларида кўплаб миқдорда касаллик қўзғатувчи бўлган вируслар мавжуд бўлиб, кана одамни чаққанда қонга тарқалади.

Вирус ажратган моддалар натижасида одам қонининг ивиши издан чиқади натижада бурун ва бошқа табиий тешиклардан қон кетиши кузатилади. Касаллик оғир кечади ва ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса оқибати нохуш тугаши мумкин.

Бу каби касалликларнинг олдини олиш учун, қишлоқ ҳудудларидаги якка хўжаликларда  чорва молларини сақлаш шароитини тўғри ташкил этиш ва каналарнинг кўпайишига йўл қўймаслик зарур.

Ҳайвон боқиладиган молхона, қўра ва қўтонларнинг тупроқлари, лой қилинган деворлар  кана кўпайиши учун яхши шароит ҳисобланади. Шу боис, касалликка қарши курашишнинг самарали усули каналар чақишининг олдини олиш ва уларни йўқ қилишдан иборат. Каналарни йўқ қилиш учун уй ҳайвонларининг териси йилнинг март ойидан сентябрь ойига қадар ҳафтада бир марта хлорли бирикмалар бўлган махсус дезинфексион моддалар билан ишловдан ўтказилиши лозим.

Шунингдек, тиббиёт вакиллари ва беморларни парвариш қиладиган ходимлар касаллик билан зарарланган кишиларнинг яқинларига касаллик юқишига йўл қўймаслиги зарур. Бунинг учун улар ўз фаолиятида дока ниқоб, резина қўлқоп ва тери ҳимоя кийимларидан (халат, костюм, қўлқоп ва ҳ.к.) кенг фойдаланиши мақсадга мувофиқ.

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигининг табиий ўчоқлари мавжуд ҳудудларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Давлат ветеринария қўмитаси ва бошқа тегишли хизматлар билан ҳамкорликда салмоқли чора-тадбирлар тизимли равишда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан жорий йил мавсуми (март—май ойлари) давомида қуйидаги тадбирлар олиб борилмоқда:

  • Республиканинг барча вилоятлари, туман ва чекка қишлоқ жойларида молхона, қўра ва қўтонларни мавсум олдидан кимёвий ишловдан ўтказиш, кимёвий моддалар захирасини яратиш, «қирқим»га тайёргарлик кўриш, «қирқим»да иштирок этадиган ишчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ишлари ўрганиб чиқилди;
  • Барча турдаги ўқув муассасалари: мактаб, коллеж ва лицейларда суҳбатлар, семинарлар ва маърузалар ташкил қилинмоқда, ушбу тадбирларда  ўқувчи-талабалар ва ўқитувчилар иштирок этмоқда;
  • Маҳаллаларда иш билан банд бўлмаган фуқароларга уйма-уй юриш усулида тарғибот ишлари олиб борилилиб, уларга эслатмалар тарқатилмоқда;
  • Бундан ташқари, Фуқаро муҳофазаси институтининг раҳбар ходимлар таркибидан бўлган 1454 нафар  тингловчилари ва ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари Аҳолини ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказларининг 27483 нафар тингловчилари билан ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди;
  • Шу билан бир қаторда, чорва мол бозорларида радиоузел орқали касаллик профилактикаси ва чорва молларини канадан сақлаш бўйича тавсияларни ўқиб эшиттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда;

«Қрим-Конго геморрагик иситма ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар билан курашиш нафақат тегишли хизматларнинг бурчи бўлибгина қолмасдан, балки кенг жамоатчилик, қолаверса ҳар бир фуқаронинг зиммасидаги масъулиятдир», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан