Танқидий мақола: Обод қишлоқ дастури обод қишлоқлар учунми?

24.04.2018 | Блог | 3431

Юртимизда кундан кунга ободонлаштириш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Айниқса олдин кузатилмаган ҳолат, чекка ҳудудларга ҳам этибор берилаётгани одамни қувонтиради.

Манас қишлоғи мисолида юртимиз қишлоқларида ҳам шароит шаҳарлардагидек бўлиши мумкинлигига ишона бошладик.

Айниқса 29 март куни Президентимизнинг ПФ-5386 сонли "Обод қишлоқ дастури тўғрисидаги” фармони мен қатори жуда кўплаб чекка ҳудудларда яшайдиган юртдошларимизни қувонтирди.

Энди ҳақиқатда чекка ҳудудларда ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилишига ишона бошладик.

Шу муносабат билан ўзим яшаб турган Фарғона вилояти Қўштепа тумани чекка ҳудудларини ўрганиб чиқиб, шу ҳудудларни давлат дастурига киритишни илтимос қилиб, туман ҳокимига таклиф киритиш мақсадида туман фаол ёшлари биргаликда жойларни айланиб муаммоларни ўргана бошладик.

Президент фармони 29 мартда эълон қилинганидан кейин, 30 мартдан бошлаб жойларни ўрганиб чиқа бошладик.

Шу аснода 1 апрел куни чекка бир маҳалла раиси билан муаммолар юзасидан суҳбатга борсак, 1 апрел куни тумандаги барча маҳалла раисларини ҳокимиятга йиғиб, “Обод қишлоқ’’ дастурига 2018 йил ҳисобидан тумандаги "Хумдон’’ ва "Соҳибкор’’ маҳаллалари киритилганини, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари 2018 йилнинг январь ойидан бошлаб юборилганини айтишибди (Ваҳоланки, бу икки ҳудуд тумандаги энг яхши ҳудудлар ҳисобланиб, ижтимоий таъминот, тиббий ёрдам, ичимлик суви, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, йўллар, газ ва электр токи билан таъминланганлик бўйича энг яхши кўрсаткичларга эга ҳудудлардир. Бундан ташқари бу ҳудудларда ҳозиргача ҳам ҳеч қандай қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилгани йўқ!).

Биз бу хабарга эътибор бермай, жойлардаги муаммоларни ўрганишда давом этдик.

3 апрел куни тумандаги энг катта МФЙлардан бири Дўрмон МФЙ фаоллари билан биргаликда туман ҳокими қабулига бордик.

Бизни туман ҳокимининг қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича ўринбосари қабул қилди ва ҳокимлик томонидан аллақачон қарор қабул қилиниб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб бўлинганини (аслида эса биз ҳоким ўринбосари билан 3 апрелда суҳбатда бўлганмиз. Ҳокимият қарори эса 10 апрел (?) кунигина чиққан), бу йил бошқа ҳудудлар киритилмаслигини айтди. Биз ҳоким номига ёзма илтимоснома қолдириб, қайтдик (расми бор). Сектор раҳбари – туман солиқ инспекцияси раҳбарига ёзилган илтимосномага 19 кун бўлди, жавоб келмади.

Биз шундай бўлса-да, муаммоларни ўрганишда давом этдик, туман ҳокимининг адолат юзасидан қарорини ўзгаришидан умид қилдик.

10 апрел куни тумандаги яна бир чекка ҳудуд "Тинчлик’’ маҳалласи фаолларидан ҳам туман ҳокими ва сектор рахбари-туман прокурори номига хат ёздик. Хатда 2018 йил ҳисобидан давлат дастурига киритишни сўрадик.

11 апрел куни ЎзЛиДеП туман кенгаши номидан, менинг номимдан тумандаги чекка ҳудудларда ободонлаштириш ишлари олиб боришларини илтимос қилиб, хат чиқардик.

Ҳамма хатларга 16-17 апрел кунлари деярли 1 хил мазмундаги жавоб олдик (расми бор).

Мен бу жавоблардан кейин ўйланиб қолдим: бу дастур обод қишлоқлар учунми ёки ободликка муҳтож қишлоқлар учунми.

Дастур ижросини таминлашда қандай тамойилларга қараб ҳаракат қилинади ўзи?

Бу жараёнда бир қанча қарама-қаршиликлар мавжуд:

  • Аввало ҳоким ўринбосари айтгандек ободонлаштириш ишлари январдан бошланмаган, умуман ҳозир ҳам қилингани йўқ!
  • Агар Президент фармони 29 мартда қабул қилинган бўлса, қандай қилиб ободонлаштириш ишлари 3 ой олдин бошланади?
  • Туман расмий нашри "Истиқбол йўли’’ газетасининг 7 апрелдаги сонида (расм қуйида) дастурга "Хумдон’’ ва "Соҳибкор’’ МФЙлар киритилгани эълон тариқасида берилган, биз билан суҳбатда (3 апрел куни) ҳоким ўринбосари ҳам бу икки ҳудуд дастурга киритилганини айтганди. Лекин аслида туман ҳокимининг бу хусусдаги қарори 10 апрел (?) кунигина чиққан, яъни шу масала бўйича биз хат билан чиққанимиздан кейингина.
  • Бу масала туман халқ депутатларига ҳавола этилмаган.

30 ўриндан 15 тасига эгалик қилувчи ЎзЛиДеП нинг туман кенгаши депутатларининг ҳеч бири бу қарордан хабардор эмас. Уларнинг кўплари шундоқ ҳам яхши шароитларга эга ҳудудлар дастурга кирганидан ҳайратда:

"Обод қишлоқ’’ дастури ким томонидан назорат қилинади?

Агар мутасадди ташкилот ходимлари бўлса, илтимос, ҳақиқат қарор топишида ёрдам беринглар!

Ҳақиқатда бу дастурга кириши, ёрдам берилиши ШАРТ бўлган бир қанча ҳудудлар туманимизда мавжуд.

Ёғингарчилик вақтида мактабга тизза баробарида лойга ботиб бориб келадиган, ичимлик сувини бир неча кмдан ташиб ичадиган, малакали тиббий хизматдан фойдалана олмаётган бир қанча чекка ҳудудлар мавжуд.

Бир нечта етакчи сайтларга илтимос қилиб кўрдик, айримлари рад этишди, айримлари бу мавзудан четда туришни мақул кўришди, шу сабабли ҳавола қилишни маъқул кўрдим.

Қишлоқларнинг ҳозирги ҳолати расмлари бор.

Олимжон Ҳайдаров, Фарғона вилояти

(таҳририятда маҳаллий фаолларнинг давлат муассасаларига ёзган мактублари нусхаси бор. Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин)