Тошкентда Георгий ленталарини тарқатиш Россиянинг сиёсий ташвиқотига ўхшаб қолмоқда(ми?)

27.04.2018 | Таҳлил | 3626

Ўзбекистонда 9-май тантаналари бошланмоқда. Пойтахт метроларида «қизил аскарлар» либосидаги ҳарбийлар томонидан уюштирилган концертлар, Россияда ғалаба рамзи сифатида қабул қилинган Георгий ленталари оммалашаётгани бир гуруҳ фаолларни Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат билан чиқишга мажбур этган.

Президентдан Ўзбекистонда расман Хотира ва Қадрлаш куни сифатида қабул қилинган 9-майнинг Ғалаба байрамига айлангани юзасидан аниқлик киритиш сўралмоқда.

Мурожаат ташаббусчиларидан бири, тошкентлик шарҳловчи Анвар Назирга кўра, мунозарага Россия элчихонаси томонидан Георгий тасмаларининг тарқатилиши туртки берди.

«Элчихона ўзбекистонликларга Георгий тасмларини тарқатиши билан жанжални бошлаб беради, ижтимоий тармоқларда баҳслар қизиган. 9-май ҳар йили жанжал кунига айланади. Давлат бунга ўз муносабатини билдириши керак, биз бу масалани ҳатто Ислом Каримов даврида ҳам кўтарган эдик. Иккинчидан, одамларга очиқ тушунтириш керак бу тасманинг тарихини, келиб чиқишини. Элчихона ҳозир буни асосан Тошкентда тарқатяпти. Ҳар хил қатлам бор, кўп ўзбеклар буни яхши тушунмайди, тақиб юрибди. Биз мурожаатда кимнидир жазолашни сўрамаяпмиз, байрамни сиёсийлаштирмасликка чақиряпмиз, чунки сўнгги ҳодисалар, 9-майни нишонлашга бўлаётган ҳаракатлар ҳам Россиянинг сиёсий ташвиқотига ўхшаб қолмоқда», - дейди Назир.

Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба рамзи сифатида қабул қилинган Георгий ленталарини Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси барча хоҳловчиларга бепул тарқатмоқда.

Президентга ёзилган мурожаат муаллифларига кўра, чор Россияси илоҳий Георгий тамғаси остида Туркистонни, Ўзбекистон шаҳарларини қонга белаган; бугун бу тамға яна ўзбекистонликларга ғалаба рамзи сифатида тақдим этилмоқда, бунга Ўзбекистон давлат сифатида ўз муносабатини билдириши лозим

16-апрел куни Президент Мирзиёев Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир қарорга имзо чеккан эди.

Бу кун умумхалқ байрами сифатида эътироф қилинган, уни нишонланишини таъминлаш давлат ва нодавлат ташкилотларнинг биринчи галдаги вазифаси, Ўзбекистон фуқароларининг виждоний иши ва анъанавий бурчи деб белгиланган.

Тантаналарга Россия жамоатчилиги ҳам фаол қўшилаётгани кузатилади. 9-май муносабати билан Россиядан йўлга чиққан «ғалаба карвонлари» Ўзбекистонга кириб кела бошлаган. Пойтахтда, бир нечта йирик шаҳарларда «Ўлмас полк» акцияларига тайёргарлик кўрилмоқда.

Фаоллар назарида Георгий лентаси Хотира ва Қадрлаш куни рамзига айланаётгани, ғалаба муносабати билан ташкил этилган намойишларда ўзбек зиёлилари қатағони бошида турган Сталин портретлари кўтарилаётгани жамоатчиликка, миллий тарихга нисбатан ҳурматсизликдир.

«Ҳамма нарсани ўз мантиғи бўлиши керак. Хотира куни деб аталаётган эканми, демак бу хотирлаш ва қадрлаш куни бўлиши керак - қўшиқлар, салютлар отиладиган, тантана қилинадиган кун эмас. Бизнинг удумларга кўра Хотира кунини одамлар ибодатда ўтказишади», - дейди Анвар Назир.

Президент қарорида Мудофаа вазирлиги зиммасига 9-май куни соат 21.00 да Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан байрам салютини ташкил этиш юклатилган.