Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Менинг ўғилларим қамоқда
28.04.2018 01:45,  
40

Ариқлар тўла сув,

Ташнаи зорим болам

Ўтган йилнинг охирларида интернетда бир видео тарқалди. Унда наманганлик оқ рўмолли она экранга қарата икки ўғли йиллардирки қамоқда экани, бир келини кетиб қолгани, ўғилларига қамоқда қийноқ қўллашаётгани, беш нафар неварасини сомса сотиб боқаётгани ҳақида гапириб президентдан ўғилларини озод этишда ёрдам сўраган эди.

Икки ўғил. Оиланинг устунлари қамоқда. Айтишга осон...

Шундан сўнг бу аёл билан кўришмоқчи бўлдим ва жонкуяр блогерлардан бири Муҳаммад Шакурдан бу оиланинг манзили ва телефон рақамини олдим. Апрел ойида Наманган шаҳри “Обл. ГАИ”га яқин жойдаги ҳовлиларига бордим. Видеодаги онахон – Муҳаббат опа Холматованинг ўзи кутиб олди.

Пастак дарвоза, торгина шаҳар ҳовлиси.  Сўрига ўтирдик.

Биласизми, шунақа вақтда гапни бошлаш қийин. Ҳолатни тушунасиз, ҳозир суҳбатдошим кўнгли бўшаб йиғлаб юборса-чи, деб ташвишланасиз. Йўқ, адашибман, опа бардам кўринди ва суҳбатни бошладим.

- Ўғилларингизни қачон олиб кетишган, дейман, “қамалган” дейишга тортиниб.

- Иккита ўғлим бир вақтда кетган. 2010 йилда 244модда билан қамашган, - деди опа.

- Ёшлари нечада эди?

- Катта ўғлим 1977 йилда туғилган, кичиги 1984 йилда.

Шундай пайтда “қайси она болам айбдор деб айтади, балки йигитларнинг айби бўлгандир”, деган фикр мияда айланади. Болаларининг диний билими, намоз ўқишлари, қандай айб қилган бўлишлари мумкинлигини сўрайман.

- Катта ўғлим Андижондаги мадрасани битирган эди. Намоз ўқирди. Ўзингиз биласиз – бизни Наманганда динга эътибор кучли...

- Кичик ўғлингизчи?

- Кичигим ўқиб -ўқимас эди. Барибир қамашди...

Оила бошлиғи ота ҳақида ҳам сўрадим. Тақдирнинг синовини кўринг, икки йил бурун “зонадан” икки ўғли дардини кўтариб келаётган ота Ангренда автоҳалокатга учраб дунёдан ўтган экан. Бу оиладан ҳаёт синовларини асло аямабди, дейсан киши. Опадан неваралари ҳақида сўрайман, бир оз юзи ёришиб сўзлай бошлайди:

- Катта ўғлимдан учта, кичигимдан иккита неварам бор. Кичкина келиним кетиб, болалари менга қолган. Невараларим ҳаммасининг зеҳни тез, мактабда аъло баҳога ўқийди. Ман ўша мактабда сомса сотаман. Ҳозир сомса қўйганман, қарай, деб ичкарига кириб кетди ва тарелкада сомса олиб чиқди.

Шундан кейин кичик ўғилларининг қизи кўп касал бўлиши ҳақида гапириб берди. 3-синф қизчанинг баданига нарса тошади, кўзи хирароқ, ўзи инжиқроқ, аммо жуда аълочи қиз экан.

Аълочи қизчанинг расми

Муҳаббат опанинг сабр-бардошига қойил қолмай иложи йўқ. “Интернетда ёзилгандан кейин бизга ёрдам берадиганлар чиқди. Яхши одамлар кўп экан. “Аристон” юборишди, биз совуқда сомса қиламиз, иссиқ сув бўлса, яхши-да”, дейди одамларнинг эътиборидан руҳланиб. Кейин кичик ўғлини “колонка”га чиқаришганини гапирди, у ҳозир Сирдарёда экан. Каттаси Қаршида экан (у ҳам шу кунларда колонкага чиқибди). “Ўқитувчилари невараларимни доим қўллаб-қувватлайди”, деди. Мен, гарчи она учун оғир савол бўлса ҳам, видеода гапиришга нима мажбур қилганини сўрадим. Опа чуқур уҳ тортиб “биз фарзандимизни шу аҳволга солсин, деб катта қилибмизми..”, деди, кейин “бу гапларни ёзмай қўя қолинг. Ҳозир ҳолатлари яхши, давлатимизга, Президентимизга раҳмат, ўғилларим яқинда чиқишади”, деб қўшиб қўйди. Айтишим керакки, опа тез-тез “давлатимиз охирги вақтда одамларга ғамхўрлик қилаётгани, шароит яхшиланаётганини” эслаб турди.

...Биз, афсуски, муҳтожлардан хабар олишни унутиб қўйдик. Фақатгина бир марта нарса-буюм олиб бориш ёки ҳисобига пул ўтказиш билан иш битмайди, менимча. Моддий имконияти борлар, бой-бадавлат юртдошларимиз уларга мунтазам ёрдам бериб бориши керак, деб ҳисоблайман. Афсуски, сўраб кўрсам, опанинг эҳтиёж учун очилган картасига ҳам кўп маблағ тушмаётган экан. Ҳозирги кунда пулсиз бир нарса қилиш қийин. Ҳар нима бўлганда ҳам отасиз ва онасиз ўстирилаётган болаларда айб йўқ-ку, улар ҳам барча болалар каби кам-кўстсиз яшашга ҳақли.

Наманган юртимизда аҳолиси тақводор, очиқкўнгил ва эътиқодлилиги билан ажралиб турадиган вилоятдир. Албатта, эҳтиёжмандларга ёрдам берадиганлар ҳам Наманганда жуда кўп. Мен орзу қилардимки, ҳикоямиз қаҳрамони Муҳаббат опа ва унга ўхшаганлардан ёрдамини аямайдиган юртдошларимиз кўпайса.

Бир нарсани айтиб ўтиш керак: айрим давлатмандлар ёрдам беришга ҳам чўчиб қолган, чунки яқин йилларда уларнинг ўзи билан махсус идоралар қизиқар эди. Аммо сўнгги вақтда берилаётган эркинликлар самимий туюлмоқда, ижтимоий тармоқларда турли вилоятларда “Саховат” жамоалари ташкил этилди ва эҳтиёжмандларга мунтазам ёрдам бериб бориш одат тусига айланмоқда. Ўйлайманки, саховатпешалар мақоламизни ўқигач, қараб туришмайди. Муҳаббат опанинг пластик рақами 8600 0929 7556 4117, манзили ва телефон рақами таҳририятда бор.

Ш. Исломов

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан