Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги автобус қатнови йўлга қўйилиш санаси маълум бўлди

02.05.2018 | Ўзбекистон | 2634

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида автобус қатнови 15 майдан йўлга қўйилиши режалаштирилган, деб хабар берди Тожикистон телеграф агентлиги.

"Азиа экспресс" корхонаси директори Султон Камоловнинг айтишича, Тожикистон томони автобус қатновини йўлга қўйишга тайёр, фақат Ўзбекистоннинг йўл кира нархи борасидаги якуний қарорини кутмоқда.

Унинг сўзларига кўра, биринчи босқичда Хўжанд-Тошкент ва Панжикент-Самарқанд йўналишларида автобуслар қатнай бошлайди.

Аввалроқ томонлар Душанбе-Термиз, Бохтар-Денов, Панжикент- Самарқанд ва Панжикент-Бухоро, Хўжанд-Тошкент ҳамда Конибодомдан Фарғона вилоятларига йўналишлар очилишига келишиб олганди.

Тожикистон томонининг маълумотига кўра, Ўзбекистонга ҳар куни 10 мингдан ортиқ тожикистонликлар боради.