Россия Ўзбекистондан келтирилган жуда ҳам катта миқдордаги гилос ва ўрикларни ортга қайтариб юборди

22.05.2018 | Ўзбекистон | 7842

Ўзбекистондан келтирилган 23 тонна гилос ва 17 тонна ўрик Новосибирск вилоятида тўхтатиб қолинди ва Россия ҳудудига киритилмади. Бу ҳақда Россельхознадзор сайтида хабар қилинди.

Рус божхоначиларининг иддо қилишича, Новосибирск, Новокузнецк ва Красноярск бозорларида сотилиши кўзда тутилган ушбу маҳсулотлар маркировкасида кўрсатилган маълумотлар фитосанитария ҳужжатидаги маълумотларга мос келмаган.

Бундан ташқари, Қозоғистондан келтирилган 44 тонна пиёз, 40 тонна ўрик ва 14 тонна бодринг ҳамда Қирғизистондан келтирилган 21,6 тонна пиёз ва 19,8 тонна лавлаги маҳсулотларида  юкларнинг маркировскаси қисман йўқ ҳолатда бўлган.

Муассасанинг билдиришича, карантин қонунчилигига кўра бу маҳсулотларнинг Россия ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган. Барча юклар жўнатувчиларга қайтарилган, айбдор шахслар эса қонунчиликка кўра маъмурий жавобгарликка тортилган.