Самарқанддаги мактабда болалар жуда ҳам ачинарли шароитда таълим олмоқда (фото)

24.05.2018 | Ўзбекистон | 4205

Самарқанд вилояти Паяриқ туманидаги 34-умумтаълим мактаби филиалини илк бор кўрган киши омборхона билан адаштириши аниқ. Бу ҳақда «Зарафшон» ҳикоя қилмоқда.

Салкам 18 йил аввал бунёд этилган ушбу таълим маскани бугун ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Мактаб директори Алишер Раимқулов бунга шундай изоҳ беради:

— Филиалимизда Шамолли, Тоғқишлоқ ва Муллаовул қишлоқларидан келган 35 нафар ўқувчи таълим олади. Уларга 6 нафар ўқитувчи бириктирилган. Бир вақтнинг ўзида 1-3-синф ўқувчиларига битта синфда, 2-4-синф ўқувчиларига эса алоҳида синфда дарс ўтилади. Ушбу бинони таъмирлаш учун туман халқ таълими бўлимига мактабнинг фотосуратлари ҳамда далолатнома билан мурожаат қилганмиз.

Мактаб деворининг нураб қолганини кўрган киши борки, бинога киришга иккиланади. Кириш эшигига қулф ҳам ўрнатилмаган. Дарвоқе, деразаларнинг ойнаси бўлмагач, қулфга на ҳожат?

Бинога кириб шифтда янтоқ ва хас-хашакларнинг осилиб турганини кўриб, «Бу ердан илон чиқиб қолса-я», деган ўй билан вужудингизни совуқ тер босади. Ёш болаларнинг жонига тўзим берсин, дейсиз ногоҳ. Бинодаги иккита хона амал-тақал қилиб таъмирланган. Парталар буткул яроқсиз аҳволда.

Синф хоналардаги чиқиндиларнинг уюлиб кетгани ойлар давомида тозаланмаганидан дарак.

Тасаввур қилинг, ёмғир ёғса ёки Шамоллида шамол, тўзон турса, ўқувчилар қай аҳволда қолади.

Қишда хоналарни иситиш масаласини гапирмаса ҳам бўлади. Болалар учун спорт майдончаси ҳам йўқ.

Наҳотки, туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими муаммонинг ечими билан қизиқмаса?