Қува. Чорасиз бемор аёлга беминнат ёрдам бериш “хоинлик” бўладими?

05.06.2018 | Блог | 5073

Фарғона вилоятининг Қува туманида шифокор бўлиб ишловчи Бекзод Аҳмадалиев бугун бир дардманд онахоннинг оғир ҳолатини тасвирловчи фотосуратни ижтимоий тармоқда улашди ва унга хайрия ташкил этишини маълум қилди. Онахон қорин деворининг гигант чурраси билан хасталанган, артериал гипертония билан оғримоқда эди. 75 яшар онахонинг қизи руҳий касал, ўғли эса мавсумий ишда ишлаши айтилди. Бекзод бир инсон тақдирига бефарқ бўлмаганларни кўмакка чорлади.

Юртимиз аҳли беморларга, шароити кўтармайдиган инсонларга бефарқ эмаслиги маълум, хусусан, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали йиғилган маблағ ёрдамида бемор оёққа тургани, маблағи оз талабанинг ўқув шартнома пули тўлаб берилгани каби кишининг дилини яйратувчи хабарларни ўқиб боряпмиз. Бир неча вилоят ва туманларда кўнгиллилар томонидан “Саховат” хайрия гуруҳлари ташкил этилди. Албатта, буни ташкил этган ва эҳсон қилган жўмардлардан ҳар қанча хурсанд бўлса арзийди. Бироқ Қува тумани ҳокимлигидагилар бундай ўйлашмас экан. Чунки уларнинг ташаббускор шифокорга муносабати бутунлай негатив бўлди.

 Ижтимоий тармоқда унинг дўстларининг ёзишларича, шундан сўнг туман ҳокимиятидан уни чақиришган, Бекзоднинг айтишича, ҳокимиятда унинг ҳамкасблари ҳам бўлган (кеч бўлишига қарамай, врачлар ҳам чақирилган). Ҳоким ҳамманинг олдида Бекзодга “хоинсан”, “Қувамизни шарманда қилдинг”, деган гапларни қилган. Энди эса туман прокурори Бекзоднинг отасини чақирмоқда. Бекзод “отам бир марта юрак хуружи ўтказган”, деб қаттиқ ташвишга тушган. Бу камдек Бекзод Аҳмадалиевнинг қариндош-уруғларгигача туман прокурори суриштираётибди.

“Онахон шу аҳволга тушгунларига қадар туман ҳокимияти, соғлиқни сақлаш бошқармаси қаерга қараб туришган экан (балки кўрсатилган ёрдамларини айтишар, лекин онахоннинг суратларини кўринг, бу ўринда ёрдам етарли, асосийси, самарали бўлмагани аён). Бекзоднинг айтишича, онахонни операция қилиш мумкин, Андижонда қилса бўлар экан, 500 доллар атрофида маблағ керак экан бор-йўғи. Бекзод эртага онахон номига пластик карта очтирмоқчи эди, энди шунга ҳам журъати етмаяпти”, деб ёзди ижтимоий тармоқ фаоли Шаҳноза Тўрахўжаева.

Қува тумани ҳокимининг хайрия тадбирига муносабати кишини беҳад таажжубга солади. Ўзи ёрдам бера олмайди, бироқ берганнинг ҳам йўлини тўсадиган инсонларни қандай аташ мумкинлигини билолмадик.

Sof.uz сайти Қува тумани ҳокимлиги ҳамда прокуратурасидан бу масала юзасидан изоҳ кутиб қолади.