Тошкент шаҳар ҳокими фуқароларни қачондан қабул қилишини айтди

14.06.2018 | Ўзбекистон | 3119

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тез кунларда фуқаролар учун қабул кунларини белгилашга ваъда берди. Халқаро Пресс клубнинг Тошкент шаҳри муаммолари ва ютуқлари таҳлилига бағишланган сессияда Тошкент шаҳрининг янги ҳокими нега шу кунгача фуқаролар учун қабул кунларини белгиламаганлигига изоҳ бериб ўтди.

"Ҳокимликка сайланганимдан кейин, тўғрисини айтаман, маҳаллама-маҳалла юришга тўғри келди — халқни, маҳаллалардаги инсонларни қанақа яшашини, жойида муаммо қандайлигини билиш учун. Фуқароларни хонамда, муздеккина кондиционерни ёқиб қўйиб, ўтириб қабул қилишим ҳам мумкин, муаммоларни ечиб-ечмай кўзбўямачилик қилиб, лекин мен халқ аслида қандай яшаяпти билишни хоҳлайман. Шунинг учун улар менинг ёнимга эмас, мен уларни ёнига боришни хоҳладим", — деди Жаҳонгир Ортиқхўжае.

Ҳоким шу кунларда "Обод маҳалла" дастури билан шуғулланаётгани, шу ишларни жой-жойига қўйгач, албатта халқни қабул қилишини айтиб ўтди.

ХПК раиси Қудратходжаевнинг "Шу кунларда Тошкент ҳокимлигининг эшиклари орқа томондан эмас, олд томондан очилибди, бу дегани фуқаролар учун ҳам очилганда энди?", деган саволига жавобан Артикходжаев бу "анъана" кеча эмас, балки 20 йил давомида шаклланганлигини, аммо энди ҳокимият ва халқ ўртасида тўсиқлар бўлмаслигини таъкидлади.

"Олдин ака-ука, қўни-қўшниларнинг уйларида девор ҳам бўлмасди. Ҳозир энди девор бор, бир-бирини тўсган… Ҳокимият ва бошқа идораларни олдидаги панжараларнинг ёпиқ бўлишига йиллар сабаб бўлган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсатлари эса мана шу деворларни олиб ташлашга қаратилган. Асосий сиёсатлари халқ билан ҳокимият бир бўлишида. Шунинг учун биз секин-аста бу деворларни очиб ташлаймиз, ниятимиз халқ билан бирга бўлиш", — деб гапини якунлади Тошкент раҳбари.