Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади
14.06.2018 19:21,  
5

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халққа Рамазон ҳайити муносабати билан табрик йўллади.

"Муҳтарам юртдошлар!

Ўзбекистонимиз янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда ўзгариш ва янгиланишлар кучайиб бораётгани, Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда уч кунлик дам олиш эълон қилингани бу йилги байрамга алоҳида файз ва тароват бағишламоқда.

Табаррук айём арафасида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида фармон қабул қилингани халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва меҳр-шафқат фазилатларининг яна бир яққол намоёни бўлди.

Ҳеч шубҳасиз, бу ҳуқуқий ҳужжат жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, соғлом ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, билиб-билмай нотўғри йўлга кирган инсонларни кечириш, уларни оиласи бағрига, тўлақонли ҳаётга қайтаришга қаратилган кенг кўламли ишларимизнинг узвий давомидир.

Албатта, биз ўз диний қадриятларимизни улуғлаб, эъзозлаб яшар эканмиз, ҳозирги юксак технологиялар асрида мустаҳкам иймон-эътиқод билан бирга замонавий илм-фан, касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаш, инновациялар соҳасидаги ютуқларни чуқур ўзлаштириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш барқарор тараққиётга эришишнинг энг муҳим шарти эканини яхши тушунамиз.

Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.

Барчангизни муқаддас Рамазон ҳайити билан яна бир бор табриклайман.

Эл-юртимизнинг шу муборак ойда қилган ибодатлари, эзгу ниятлари ижобат бўлсин!

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимизда тинчлик, аҳиллик, файзу барака бардавом бўлсин!

Эзгу ишларимиз, интилишларимизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин!", — дейилади табрикда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан