Бош вазир халқ таълими тизимидаги муаммоларни ошкор қилди

21.06.2018 | Илм-фан | 3736

Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида халқ таълими тизими муаммоларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда таълим тизимидаги ўрганишлар натижалари таҳлил этилиб, Президент Шавкат Мирзиёев соҳанинг ҳозирги аҳволидан мутлақо қониқмаётгани айтилди.

“Президентимизнинг талаби шуки, бугундан бошлаб Халқ таълими вазирлиги ва барча алоқадор ташкилотлар ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш учун ишлайди”, дейди Бош вазир Абдулла Арипов.

Бундан бир неча ой аввал, Бош вазир ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши Президент томонидан қаттиқ танқид қилинганини айтиб, Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ҳайфсан берган эди. Ҳукумат раҳбари яна мажбурий меҳнат масаласига тўхталди.

Бош вазир ўринбосарлари ҳамда бошқа вазирликлар раҳбарлари қатнашган йиғилишда халқ таълими тизимидаги муаммолар санаб ўтилди.

«Ўқитувчи бир кунда 2—3 соат дарс берса, 4 соат вақтини қоғоз тўлдиришга сарфлайди. Шунинг учун ўқитувчи ўз устида ишлай олмаяпти. Ахборот технологиялари ривожланган даврда яшаяпмиз. Соҳага ахборот технологияларини жорий этиш керак», — дейди Абдулла Арипов.

Шунингдек, Бош вазир халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш учун вазирликка хорижнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олган, етакчи хорижий ташкилотларда узоқ йиллар меҳнат қилган инсонлар раҳбар этиб тайинлангани, уларнинг олдида катта вазифалар турганини қайд этди.

«Ҳукумат, жамоатчилик вазирликка ҳар томонлама ёрдам бермаса, улар ўз олдиларидаги вазифаларни бажара олмайди», — дейди Абдулла Арипов.